Наврўз – қадим қадриятлар таровати

Халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган, она табиат ва одамлар руҳиятида юз берадиган яшариш, янгиланиш ва юксалишларни асрлар давомида тўла намоён қилиб келаётган Наврўз энг ардоқли миллий байрамларимиздан бири ҳисобланади.

Ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган борлиқни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш, меҳр-оқибат, хайру саховат, бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик сингари юксак ғоялар бугунги кунда янада теран мазмун касб этиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, инсон қадрини улуғлашдек буюк мақсадларни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида барча миллий қадриятларимиз қатори Наврўз умумхалқ байрами ҳам ўзига хос юксак маънавий таянчдир.

Улуғ аллома аждодимиз Абу Райҳон Беруний “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида Қуёш йили ҳисобида йилнинг дастлабки ойи тўғрисида сўзлаб: "Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир, — дейди.

Наврўз азалдан холис ниятли кишиларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша кунларда ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхтаган, гина-қудратлар кечириб юборилган. Шоҳлар эл ичидан энг муносиб кишиларни тақдирлаган, айрим маҳбусларнинг гуноҳидан ўтган.

Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганлигини аниқ кўрсатиш қийин бўлса-да, шуни айтиш мумкинки, бу байрам доно кишилар томонидан кашф қилинган. Чунки Наврўзнинг дунёга келиши чуқур илмий асосланган коинот ва табиат қонуниятлари, яъни Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тенглашуви, кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланишнинг бошланиши билан боғлиқ.

Бу эса ҳар қандай жамиятда йил боши қачон келишидан қатъи назар, Наврўзни уйғониш байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлиб келган. Наврўзнинг чуқур илдизлари энг қадимий даврларда — ибтидоий одамларнинг деҳкончиликка ўтганидан сўнг далаларда янги иш мавсуми бошланишидан олдин ўтказилган баҳор байрамига бориб тақалади.

Ҳар йили Наврўз айёми барча шаҳар-у қишлоқларда, корхоналарда, илм-фан даргоҳларида ўзига хос тарзда кўтаринки кайфият ва ташаббус ила ўтказилади. Байрам куни турли хил мусобақалар ташкил этилади, ёлғиз қариялар ҳолидан хабарлар олинади. Баҳор кўкатларидан тайёрланган нозу неъматлар тортиқ этилади

Элимизнинг муроду мақсадини куйлаган, юртимизнинг орому осойишини ўйлаган, бутун борлиқ мурувват айлаган, бағрига бениҳоя эзгу муҳаббат жойлаган, ёмонликлар йўлин бойлаган, яхшиликдан достон сўйлаган, барчани бирдай сийлаган байрамдир бу.

Ҳозир 21 мартдан – то 3 майгача барча кунларни Наврўз ойи деб байрам қилинади. Бу кунларда турли урф-одатларни эслаб, атроф-муҳит тозаланади, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари авж олади, ҳар хил мевали ва мевасиз ихота кўчатлари ўтказилади, гуллар экилади, турли кўкатларни териб, витаминли таомлар, буғдой ундириб, сумалаклар пиширилади.

Қариндош-уруғларни ёд олиб, улар ҳолидан хабар олишга борилади. Ота-боболар, ўтган авлодлар хотирланади.

 

Севара Ишмуратова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Умумий бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech