Халқаро ногиронлар куни Бош Ассамблеянинг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли резолюциясига биноан ҳар йили 3 декабр куни бутун дунёда нишонланади. Ушбу кунни халқаро ногиронлар куни сифатида нишонлашдан мақсад – бутун дунёда жамоатчилик диққатини ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган муаммоларга қаратиш орқали уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро меъёрлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришда, шу билан бирга Ўзбекистон Республикасидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим кўрсатма бўлиб ҳисобланади. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 2-моддасида ҳар бир инсон ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар барча ҳуқуқ ва эркинликка эга бўлиши зарурлиги таъкидлаб ўтилган. Мазкур норма ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам бевосита тааллуқлидир. Шундай экан, бугунги кунда жамиятимиз олдида турган долзарб вазифалардан бири ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятнинг бошқа аъзолари сингари ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишини таъминлашдан иборатдир.
Ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ҳаётининг барча соҳаларига, шу жумладан таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш, маданий соҳаларга интеграциялашувига, шунингдек спорт ва кўнгилочар тадбирлар ҳамда жамиятнинг сиёсий ҳаётида иштирокини кучайтиришга ижтимоий, ҳуқуқий, жисмоний ва институтсионал чекловлар тўсқинлик қилмоқда. Кўпинча улар оила қуриш имкониятига эга эмаслар. Қулай муҳит йўқлиги сабабли улар ҳаракатланишда жуда катта қийинчиликларига дуч келмоқдалар.
Ногиронлиги бўлган шахслар муаммосининг долзарблигини ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдан ажратилиши, уларнинг пассивлиги ва функционал қарамлиги, ногирон инсонларга нисбатан жамиятнинг муносабати, ногирон кишиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш муаммолари мавжудлиги каби омиллар ҳам тасдиқлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунёда 1 милларддан ортиқ инсон, дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизга яқинида ногиронликнинг қандайдир шакли бор. Ногиронлар сони кўпаймоқда. Бу қисман демографик ҳолатларнинг ёмонлашиши ва соғлиқ бузилишларининг сурункали ошиши билан боғлиқ.
Шу муносабат билан ногиронлар учун жамиятнинг турли хил ижтимоий тизимлари, масалан, хизматлар кўрсатиш, иш, ахборот ва транспортдан фойдаланишдаги тенг имкониятларни таъминлаш орқали тўсиқларни бартараф этиш учун зарур чораларни кўриш талаб этилади.
Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи халқаро нормалар ва миллий қонунчилик шаклланган. Бундай халқаро ҳужжатларнинг асосийлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2006 йил 13 декабрдаги 61/106-резолюцияси билан қабул қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ҳамда Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга Факультатив протокол ҳисобланади.
Конвенциянинг мақсади барча ногиронларнинг инсоннинг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ҳамда тўла ва кенг амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек уларга хос қадр-қимматни ҳурмат қилишни рағбатлантиришдир.
Унинг асосий ғояси шундан иборатки, ногиронлар ҳар қандай камситишларсиз инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларидан тўлиқ фойдаланадилар. Шу нуқтаи назардан, Конвенция ногиронларга салбий таъсир кўрсатадиган урф-одатлар, стереотиплар, хурофотлар, зарарли одатларга қарши курашиш орқали ногиронларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида тўлиқ иштирок этишига ёрдам беради.
Ҳозирда Конвенцияни 180 дан ортиқ давлат имзолаган ва 150 дан ортиғи ратификация қилган. Ўзбекистон Республикаси ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини имзолаган.
Мазкур халқаро ҳужжатга қўшилган иштирокчи-давлатлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг мустақил турмуш кечиришлари ва ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларида иштирок этишлари учун тенг имкониятлар яратиш, транспорт, ахборот, алоқа ҳамда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш ва бошқа мажбуриятларни зиммасига олади.
Иштирокчи-давлатлар томонидан Конвенция қоидаларининг бажарилишини таъминлаш ва мувофиқлаштириб боришни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси амалга оширади. Қўмита функцияларига давлатлар томонидан тақдим этиладиган даврий маърузаларни кўриб чиқиш, жисмоний шахслар тақдим этадиган хабарларни ўрганиш, текширишлар ўтказиш ва умумий хусусиятга эга бўлган мулоҳазалар ва тавсияларни ишлаб чиқиш киради.
Даставвал, Қўмита 12 нафар мустақил экспертлардан иборат бўлиши керак эди. Лекин Конвенция 60 та давлат томонидан ратификация қилингандан кейин унинг таркиби 18 нафарга етди. Қўмита аъзолари Иштирок этувчи давлатларнинг конференциясида сайланади ва шахсан ўз номидан иш кўради.
Ўзбекистон Республикасининг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати устувор йўналишларидан бири ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган фуқаролик, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойиллари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш ҳисобланади.
Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб ногиронлик муаммосига диққат қаратди. Мамлакатимизда 1991 йилда бошқа қўшни давлатларда шунга ўхшаш қонунлар ишлаб чиқиш учун намуна бўлиб хизмат қилган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
2008 йил июль ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ушбу қонуннинг янги таҳририни қабул қилди. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш механизмлари янада батафсил ёритилган ва конунни бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилган.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар, шахсни ногиронлиги сабабли камситмаслик тамойили ётади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, тенглик ва камситмаслик тамойиллари мустаҳкамланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.
Ҳозирги кунда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини имплементация қилишни ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутувчи “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳам тайёрланган.
Конвенцияни ратификация қилиш ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ҳамда ривожлантиришнинг қўшимча кафолатларини беради. Шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш ва амалий фаолиятни янада такомиллаштириш учун намуна бўлиб хизмат қилади.
2020 йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунни имзоланиши том маънода ушбу соҳада жуда катта янгилик бўлди. Ушбу қонун қабул қилинганидан 3 ойдан кейин кучга кириши белгиланган. Қонун 2008 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг ўрнини босади.
Қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб берилди. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш; ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик; инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги; ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш; объектлар ва хизматларнинг қулайлиги; ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг ҳаётига жалб этиш ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари сифатида белгиланди.
Мазкур қонунда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга оид қатор масалалар Қонун даражасида белгиланди. Хусусан:
ногиронлиги бўлган шахсларга, фуқароларга бепул тиббий ёрдам кўрсатишнинг давлат кафолатлари дастури доирасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши;
ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва профессионал таълим олишининг кафолатланиши;
ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси ажратилиши;
ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли шартлар асосида ижтимоий уй-жой олиш ҳуқуқининг кафолатланиши;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт иншоотлари, дам олиш, шунингдек туристик объектлардан бепул фойдаланиши;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг санаторий-курортларда бепул соғломлаштириш, шунингдек дори воситалари, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши ва бошқалар.
Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош юрисконсульти
- Қўшилди: 03.12.2020
- Кўришлар:
- Чоп этиш