Sayt xaritasi 00:00:00

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»нинг 2026 йил 10 ойлик ҳолати ижроси юзасидан МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг 2026 йил 10 ойлик ҳолати бўйича амалга оширилиши юзасидан мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади:

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 78 бандидан 69 банди (88 %) тўлиқ бажарилди, 2 банд (3 %) назоратдан ечилди, 7 бандни (9 %) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

2026 йилнинг 10 ойи давомида Миллий стратегия доирасида 5 та қонун, 9 та Президент фармон ва қарорлари ҳамда 5 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.

Улар орасида маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар ўтказиш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш ва болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга оид қонунлар, шунингдек аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, одам савдосидан жабрланган шахсларни жамиятга интеграция қилиш ҳамда руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатишга оид Президент фармонлари алоҳида аҳамиятга эга.

Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Фармони билан қабул қилинган Давлат дастурида суд-ҳуқуқ соҳасида қатор янги институтлар назарда тутилди. Жумладан, жиноят ишларини “халқ вакиллари ҳайъати” (жюри) иштирокида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади, “Хабеас корпус” институти доирасида тергов судьяларига эҳтиёт чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ваколати берилади, жиноят ишини судга юборишда айблов хулосаси билан бирга “ҳимоя фикри”ни тақдим этиш тартиби жорий этилади. Натижада 7 минг нафардан зиёд адвокат кенгайтирилган процессуал ваколатларга эга бўлади.

2026 йил 14 августда Президентнинг ПФ-160-сон ““Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида Миллий марказ томонидан манфаатдор давлат органлари, омбудсманлар ва илмий-тадқиқот институтлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан ҳамкорликда Президентнинг ““Инсон ҳуқуқлари — 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, белгиланган тартибда келишилди ва 2026 йил 7 сентябрда Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Стратегияда тўртта устувор йўналиш ҳамда илк бор аниқ ўлчанадиган кўрсаткичлар белгиланган бўлиб, 2030 йилга қадар БМТ шартномавий қўмиталари ва Универсал даврий ҳисобот тавсияларининг бажарилиш улушини 70 фоизга етказиш мақсад қилинган.

“Йўл харитаси”нинг 4-банди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида давлат органлари ходимлари учун инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилди.

Жумладан, Миллий марказ, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент шаҳри, Тошкент, Хоразм ва Бухоро вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида махсус ўқув курслари ўтказилиб, уларда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг 268 нафар ходими иштирок этди.

2026 йил 15 июнь – 31 июль кунлари республиканинг барча ҳудудларида ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари учун “Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилди. Уларда 14 та ҳудуддан 5255 нафар инспектор иштирок этиб, тест синовларидан муваффақиятли ўтганларга Миллий марказнинг сертификатлари, юқори натижа кўрсатган 221 нафарига эса Фахрий ёрлиқлар топширилди.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва ҳамкор идоралар билан биргаликда қуйидаги тренинглар ўтказилди:

– 21–22 апрель кунлари Термиз ва 24–25 апрель кунлари Фарғона шаҳарларида “Истанбул протоколига мувофиқ қийноқ ва шафқатсиз муомалани суд-тиббий ҳужжатлаштириш” мавзусида (45 нафар тиббиёт мутахассиси ва суд-тиббий эксперт);

– 22–24 июнь кунлари Буюк Британиянинг Метрополитан полицияси кўмагида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва қамоқда сақлаш жойларини бошқаришнинг илғор амалиёти” мавзусида (тергов ҳибсхоналарининг 30 нафар ходими);

– 2–3 июль кунлари Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тизимларида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг етакчилик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган тренинг.

Шунингдек, 28 август куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда “муқобил” маърузаларни тайёрлаш ва Орхус конвенцияси тамойилларига бағишланган ўқув-семинар (30 нафар ННТ вакили), 23 октябрь куни эса Олий Мажлис Сенати, Болалар омбудсмани, Европа Кенгаши ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Лансароте конвенциясига бағишланган семинар ўтказилди.

Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш тўғрисидаги ахборот БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 62-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди. 2026 йил октябрь ойида «Болалар ва ёшлар учун инсон ҳуқуқлари таълими: гендер тенглик, иқлим ўзгариши ва рақамли инклюзия» йўналишида миллий инновацион ташаббуслар танлови эълон қилинди.

“Йўл харитаси”нинг 6-банди доирасида Миллий марказнинг «Инсон ҳуқуқлари уйи» ҳуқуқий маърифат ва халқаро ҳамкорлик учун муҳим платформа вазифасини бажармоқда.

2026 йилда «Инсон ҳуқуқлари уйи»да 22 та тадбир, жумладан 4 та китоб тақдимоти, 9 та ўқув машғулоти, 9 та давра суҳбати, меморандум имзолаш маросими ва хорижий делегациялар билан учрашувлар ўтказилди. Ҳудудий ахборот-кутубхона марказлари ва давлат органларига 271 номдаги 1115 нусха адабиёт беғараз тақдим этилди.

Ҳисобот даврида Миллий марказ томонидан “2025 йилда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисида ахборот” (ўзбек ва инглиз тилларида), “Интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартномалар тўплами”, «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва механизмлар» ўқув-услубий мажмуаси, илмий-амалий конференциялар материаллари ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Миллий марказнинг 30 йиллигига бағишланган махсус сонлари чоп этилди.

5. “Йўл харитаси”нинг 20-банди ижросини таъминлаш доирасида 2026 йил 3 августда Президентнинг “Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-146-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, «Инсон» марказлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ихтисослашган муассасалар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига жабрланганларни дастлабки идентификация қилиш ваколати берилди. Дастлабки идентификация натижасида шахсга 1 ойгача, якуний идентификация натижасида эса 1 йилгача муддатга тегишли мақом берилади, ҳудудий комиссиялар томонидан якуний идентификация муддати 10 сутка этиб белгиланди.

2026 йил 1 сентябрдан Агентликнинг «1146» ишонч телефони ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилди. Жабрланганлар мақомига қараб 1 ойдан 6 ойгача реабилитация марказлари хизматларидан фойдаланади, уларнинг йўл харажатлари «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан қопланади.

6. “Йўл харитаси”нинг 24-банди ижросини таъминлаш доирасида Олий Мажлис палаталари аъзоларининг БМТ инсон ҳуқуқлари механизмлари фаолиятидаги иштироки кенгайтирилди.

2026 йил 11 июнь куни Миллий марказда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Парламентлараро Иттифоқ ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси ҳамкорлигида «БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмларида парламент иштирокини кенгайтириш: индивидуал мурожаатлар тақдим этиш тартиб-таомилларини ўз ичига олган факультатив протоколларни ратификация қилиш» мавзусида Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари учун семинар ўтказилди.

Сенат аъзолари Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиянинг 70-сессиясида (CSW70, Нью-Йорк, 11 март) ҳамда Ўзбекистоннинг даврий маърузаси кўриб чиқилган БМТ Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг 117-сессиясида (Женева, 21–22 апрель) Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан илгари сурилган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция 2026 йил 24 июлда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинди, унга 61 давлат ҳаммуаллиф бўлди. 4–6 сентябрь кунлари Самарқандда Олий Мажлис Сенати ва Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бўлиб ўтди, унда 60 га яқин мамлакатдан 250 га яқин иштирокчи қатнашди.

“Йўл харитаси”нинг 44-банди доирасида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича ислоҳотлар давом эттирилди.

2026 йил 3 мартда Президентнинг «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги ПФ-33-сон Фармони қабул қилинди. Фармон эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олиш ҳамда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни кескин қисқартиришга қаратилган. Хусусан:

– вояга етмаганлар билан никоҳ тузишни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши, 1 сентябрдан эса бундай ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жариманинг 15 фоизи хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилиши;

– 2027 йилдан камида 21 ёшда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилаларга молиявий кўмаклар 1,5 баравар оширилган миқдорда берилиши;

– 2026/2027 ўқув йилидан ҳомиладор ёки 3 ёшгача фарзанд тарбиялаётган талаба-қизларга олий таълимда «иккинчи имконият» яратилиши;

– 1 апрелдан ҳимоя ордери берилган аёлларнинг телефонларига «SOS» чақирув имконини берувчи «my.ihma.uz» мобил иловаси ўрнатилиши;

– 2027 йил 1 январдан аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик жиноятлари махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар томонидан кўриб чиқилиши белгиланди.

Шунингдек, 2026 йил 21 сентябрда Президентнинг “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, ташкилотларда тегишли дастур босқичма-босқич жорий этилади ва 2026 йил 1 декабргача тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаат юбориш имконини берувчи ахборот портали ишга туширилади.

8. “Йўл харитаси”нинг 58-банди – қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш доирасида 2026 йил 15 январда ЎРҚ-1112-сон Қонун қабул қилинди.

Қонунга кўра, маҳкумлар илгари фақат телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, энди 15 дақиқа давом этадиган масофали видео-учрашув ўтказиш имкониятига ҳам эга бўлди. Бу маҳкумларнинг ташқи дунё билан алоқасини кенгайтириб, жазони ижро этиш муассасаларида шаффофликни оширади ва БМТнинг Маҳбуслар билан муомала қилиш бўйича минимал стандарт қоидалари (Нельсон Мандела қоидалари)га мувофиқ шафқатсиз муомала хавфини камайтиради. Шунингдек, мазкур механизм оилавий алоқаларни сақлаш ва маҳкумларнинг жамиятга қайта интеграция қилинишига хизмат қилади.

“Йўл харитаси”нинг 71-банди доирасида Миллий марказ халқаро ташкилотлар ва институтлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни давом эттирди.

Миллий марказ раҳбарияти ва ходимлари БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 145-сессияси ва Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг 117-сессияси (Женева), Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиянинг 70-сессияси (Нью-Йорк), МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси (Минск) ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси йиғилишларида, шунингдек Лиссабон, Боку, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Пекин ва Олмаотада ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этди.

14 май куни Тошкентда «Хитой – Марказий Осиё – 2026» инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми ўтказилиб, Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди. 24 июль куни Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси билан Халқаро гуманитар ҳуқуқни илгари суриш бўйича 2026–2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланди.

28–29 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми бўлиб ўтди. Унда 200 дан ортиқ иштирокчи, жумладан 18 та халқаро ва минтақавий ташкилот ҳамда 8 та хорижий давлатнинг миллий институтлари вакиллари қатнашди. Форум якунлари бўйича қабул қилинган «Самарқанд нигоҳи – 2040» якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг расмий ҳужжати (A/81/444) сифатида БМТнинг олтита расмий тилида эълон қилинди.

Шунингдек, Human Rights Watch, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва Таиланд Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Умуман, 2026 йилнинг ўн ойида Миллий марказ ходимлари томонидан АҚШ, Португалия, Швейцария, Хитой, Россия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистонга жами 11 та амалий ташриф амалга оширилди ҳамда хорижий дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар ва ҳамкор институтлар билан 14 та учрашув ўтказилди.