Аждодларимиз жасорати – мангу барҳаёт

Жорий йилнинг 9 май санасида фашизм устидан қозонилган ғалабага 75 йил тўлади. Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.

Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшди. Юз минглаб навқирон ватандошларимиз жанг майдонларида қон тўкиб, жон бердилар. Уларнинг жасоратидан кам бўлмаган жон фидолик намуналари сифатида фронт ортида ҳам аёллар, кексалар, ёш болалар чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар.

Иккинчи жаҳон уруши бошланган даврда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион киши эди. Шулардан 1,5 миллиондан ортиғи урушда қатнашди. Фронтда Ўзбекистон аҳолисининг 22 фоизи жанг қилди.

Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – ғалаба учун!” дея ишлади, яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Ўзбекистон фронт учун зарур барча нарсаларни етказиб берадиган муҳим таянч марказлардан бирига айланди. Ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбий мақсадларда қайта ташкил этилди.

Юртдошларимиз бутун куч ва имкониятларини Ўзбекистонга кўчирилган 100 дан ортиқ завод ва фабрикаларнинг фаолиятини ғоят қисқа муддатда қайта йўлга қўйишга сафарбар қилдилар. Уруш йилларида республикамиздан жанг майдонларига 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб танк ва қурол-яроғлар, юзлаб ҳарбий-санитар поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.

Уруш ўчоғига айланган ҳудудлардан Ўзбекистонга қарийб 1 миллион киши, жумладан, 200 мингдан ортиқ ёш болалар эвокуация қилинди. Ўша қонли йилларда халқимиз сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. Ўша машаққатли даврда халқимизга азалдан хос бўлган инсонпарварлик, меҳрибонлик ва қалб саховати каби фазилатлар айниқса ёрқин намоён бўлди.

Ўзбекистонлик 120 мингдан зиёд аскар ва офицер жанг майдонларида кўрсатган жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланди. Уларнинг 301 нафари “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвонига, 74 нафари учала даражадаги “Слава” (шуҳрат) орденига сазовор бўлган.

Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Иккинчи жаҳон уруши бошланганда бобом Аҳмаджон Раҳимов Хоразмдаги ўқитувчилар тайёрлаш институтида таҳсил олаётган экан. Урганч шаҳрининг “Кўҳна қалъа” маҳалласидаги биринчи зиёли, ҳаммага ўрнак инсон бўлганлар.

Оталари Раҳимбой ака урушдан ярадор бўлиб кайтиб келгач, бобом кўнгиллилардан бўлиб, урушга кетганлар. Оналари Шукуржон момо пахтадан “гуппи” тикиб берганлар. Бутун маҳалла бобомни ва бошқа йигитларни кузатиб қолган. Ўша пайтда бобом “Биз албатта ғалаба билан қайтамиз” деган қатъий ишонч билан фронтга отланган.

Бобом жисмоний жиҳатдан бақуват бўлгани учун ҳарбий десант қўшинлари сафига қабул қилинган. У киши машъум урушда ватанини немис фашистлардан ҳимоя қилган моҳир разведкачи сифатида 28 марта душман ортига парашютдан сакраб, қўшинларимизга бехатар йўлларни топиб бериш билан шуғулланган.

Бобом бир неча марта яраланган (душман ўқлари жисмида умрининг охиригача қолиб кетган). Шунга қарамай, жанггоҳларда душманга қарши мардонавор курашиб, вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни озод қилишда қатнашган. Кечаю кундуз ўз постида сергак туриб, топшириқларни тезкорлик билан бажарган.

1944 йили юртимизда ёш авлодни тарбиялаш учун ўқитувчилар етишмаслиги сабабли фронтдан қайтарилиб, Коромон қишлоғида ўқитувчилик қилган. Бир неча туман маориф бўлимларида ишлаб, таълим соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшганлар. Меҳнатлари ҳукумат томонидан муносиб тақдирланган. Бобомиз “Халқ маорифи аълочиси”, “Уруш ва меҳнат  фахрийси” унвонларига сазовор бўлган. У кишининг кўксини бир катор орден ва медаллар безаб турарди.

Бобом фидойи, зиёли инсон - момом Пошшажон Раҳимбоева билан турмуш қурганлар. Момом ҳам фронт ортида астойдил меҳнат  қилиб, Ғалабага ўз ҳиссаларини қўшган. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи”, “Халқ маорифи аълочиси” унвонлари, шунингдек “Ҳурмат белгиси” каби бир неча орден ва медаллар соҳиби бўлган.

Бобом ва момом уч нафар фарзандни тарбиялаб, олий маълумотли, зиёли инсонлар қилиб вояга етказган. Катта ўғиллари темир йўл муҳандиси касбини эгаллаб, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими” унвонига эришган. Иккинчи ўғиллари автомобил муҳандиси, қизлари шифокор бўлиб, халқ хизматида меҳнат қилишган.

Бобом узоқ йиллар ишлаган Урганч шаҳридаги 5–сон мактаб жамоаси ва “Маърифат” маҳалласи аҳли хамиша у кишини хотирлаб, муносиб даражада эъзозлаб келмоқда.

Бобомнинг мардлиги, жасорати фидоийлиги биз учун ҳамиша намуна мактаби бўлиб келган. Бугунги фаровон ҳаётимизни таъминлашда жасорат кўрсатган бобом хотираси олдида таъзим қиламан.

Хотира – одамларнинг вафотидан кейин ҳам бу дунёда яшаши учун имкон берадиган бирдан-бир макон. Халқнинг хотирасиз яшаши асло мумкин эмас.

Шунинг учун Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида Ғалаба боғи барпо этилмоқда. Мазкур боғ бобом каби Ватанга садоқатли, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади.

Ойбек Аҳмадов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech