Амир Темур мақбарасининг концепцияси ўзгаряпти
Амир Темур мақбараси Самарқанд шаҳридаги энг машҳур тарихий ва меъморий ёдгорликлардан бири. XIV аср охири XV аср бошларида барпо этилган мажмуа Муҳаммад Султон Мирзо учун бино қилинган. Қурилиш ишлари соҳибқирон даврида бошланган ва Мирзо Улуғбек томонидан якунига етказилган.
Бу ерда Муҳаммад Султондан ташқари, буюк жаҳонгирнинг пири (устози) Мир Сайид Барака дафн этилган ва шунинг учун мақбара “Гўри Мир” деб ҳам аталган, деган тахминлар мавжуд. 1405 йилда Амир Темур вафот этгач, ўз васиятига кўра, ушбу мақбарада, устози Мир Сайид Барака пойида дафн қилинган. Шунингдек, мақбарада Амир Темурнинг ўғиллари Мироншоҳ ва Шоҳрух, яна бир набираси Мирзо Улуғбек ҳам мангу ором топган.
Бундан ташқари, кейинчалик мақбара ҳудудида темурий маликалар, жумладан, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Султоннинг қизлари дафн этилган. Айни пайтда ушбу хилхоналарни ҳам зиёрат қилиш имконияти яратилган.
Бугун Самарқанд тарихи билан боғлиқ муҳим саналар, байрам тадбирлари ушбу обидани зиёрат қилишдан бошланади. Қадимий шаҳарга келадиган нуфузли делегациялар, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳам Амир Темур номи билан аталувчи қадамжони зиёрат қилиб, улуғ аждодларимизни ёд этади. Шу билан бирга Амир Темур ва Темурийлар даври меъморчилиги, бунёдкорлик салоҳиятининг ноёб намунаси билан яқиндан танишади.
Меҳмонларга батафсил маълумот бериш ва ўша давр ҳақида уларнинг тасаввурини бойитиш мақсадида ўтган йил мақбарага Амир Темур ва темурийлар даврига оид ноёб ашёлар келтирилиб, бу ерда мавжуд экспозиция бойитилди.
Хусусан, шу пайтгача Самарқанд давлат музей қўриқхонаси музейида сақланган Амир Темур тобути ва тобут устига ёпилган мато парчалари, мақбаранинг ўймакор нақшли, икки табақали ёғоч эшиги, Кўксаройдан топилган устун таглиги ва бўлаги, мармар панель фрагменти, қадимий китоб ва бошқа тарихий манбалар зиёратгоҳга келган ҳар қандай кишида қизиқиш уйғотиб, уларнинг ҳайратига сабаб бўлмоқда.
– Ўтган йил октябрь ойида ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-йиғилиши олдидан мақбара экспозицияси янгиланиб, соҳибқирон бобомиз ҳаёти ва мероси билан боғлиқ ашёларнинг келтирилиши жуда катта тарихий воқеа бўлди, – дейди Амир Темур мақбараси гид-тушунтирувчиси Ашрафжон Юсуфзода. – Масалан, буюк жаҳонгирнинг Кўксарой қароргоҳи ўрнида олиб борилган археологик изланишлар давомида топилган тошдан ясалган устун таглиги ва устуннинг бир бўлаги ўша давр қурилиш санъати ҳақида тушунча беради. 1941 йилда мақбарада ўтказилган илмий экспедиция чоғида қабрдан олинган Амир Темур дафн этилган тобут ёки тобут устидаги мато бўлаклари шу пайтгача Самарқанд давлат музей қўриқхонасида сақланиб келинаётганди. Мато бўлаклари олтин ва кумуш иплар билан тўқилган бўлиб, тарихий дафн маросимлари анъаналарини ўрганишда жуда муҳим манба ҳисобланади. Матонинг ҳар бир бўлаги махсус шароитда сақланиб, реставрация қилинган ҳолда намойиш этилмоқда. Шунингдек, Соҳибқироннинг қабри очилиши ҳақидаги ҳужжатларнинг нусхаси ва бу жараён акс этган фотосуратлар бор. Экспозициядаги эпиграфик нақшли мармар панель фрагменти Қуръон оятлари ва безакли ёзувлар билан зийнатланган бўлиб, темурийлар даври хаттотлик ва нақш санъатининг нозик услубларини очиб беради. Биз экскурсия давомида сайёҳларга бу ҳақда гапириб берардик, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бу ашёларни кўриш учун музейга бормасди. Ҳозир эса шу ернинг ўзида бу тарихий ашёларни кўриши, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топиши мумкин.
Мақбарага тарихий қўлёзма ва нашрлар намуналари ҳам олиб келинган. Жумладан, Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ал-Мақдур фи Тарихи Темур” асари, рус ва француз ижодкорларининг соҳибқирон ҳақидаги китоблари, Л.Е.Дмитрев-Кавказскийнинг “Ўрта Осиё бўйлаб. Рассом қайдлари” ҳам сайёҳларга манзур бўлмоқда. Бу манбалар орқали Амир Темур шахсияти, сиёсий фаолияти ва жаҳон тарихидаги ўрнига оид маълумотлар илмий асосда ёритилиб, жамоатчиликка етказилмоқда.
Бу йил юртимизда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан мақбара ҳудудида зиёратчиларга қулайлик яратиш, иншоотни асраб-авайлаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
– Шу пайтгача бизни асосан мажмуага кириш қисмининг торлиги, санитария хоналари етишмаслиги ва касса билан боғлиқ масалалар қийнарди, – дейди Амир Темур мақбараси раҳбари Хушнуд Абдуллаев. – Айниқса, сайёҳлар оқими кўп кузатиладиган баҳор ва куз пайтларда бу анчагина ноқулайлик туғдирарди. Бу йил ушбу муаммоларга барҳам бериладиган бўлди. Зиёратгоҳга кириш жойи анчагина кенгайтирилиб, махсус йўлаклар ташкил этиляпти. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам эркин ҳаракатланиши учун имкониятлари яратилмоқда. Бугунги кун талабларига жавоб берадиган тарзда чипта сотиш жойлари ва кутиш зали, санитария хоналари қурилмоқда. Сайёҳлар мақбара ҳақида электрон маълумот олиши учун махсус қурилмалар ўрнатилади, аудиогид тизими йўлга қўйилади. Махсус мониторларда Амир Темур ва Темурийлар давридаги давлат сиёсати, бунёдкорлик ишлари, илм-фан ва маданият ҳақидаги маълумотлар бериб борилади. Сунъий интеллект орқали ўша даврга оид тасвирлар намойиш этилади. Шунингдек, нуфузли делегацияларнинг мажмуа ҳудудига кириб-чиқиши учун ҳам ҳозиргидан кўра қулай шароит бўлади.
Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айланаётган Самарқандга келаётган сайёҳлар оқими бугун йил сайин ошиб бормоқда. Биргина Амир Темур мақбарасига ўтган якшанба куни 5000 дан ортиқ маҳаллий, 1000 нафарга яқин хорижлик сайёҳ келган. Хушнуд Абдуллаев илгари бундай катта миқдордаги сайёҳлар оқими кузатилмаганини қайд этиб, эндиликда шаҳарнинг инфратузилмасини такомиллаштириш билан бирга тарихий-маданий ёдгорликлар, зиёратгоҳлар ва улар атрофида ҳам туристларни қабул қилиш учун замонавий қулайлик ва имкониятлар яратишни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан, айни пайтда Амир Темур мақбарасида олиб борилаётган ишлар, илмий концепция асосида унинг ғоявий мазмуни бойитилаётгани эътиборли.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео),
ЎзА мухбирлари
Ўзбекча
English
Русский