БМТ Давлат хизмати форуми: тизим модернизацияси, трансформацияси ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришда жиддий қадам

Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу жорий йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган БМТ Давлат хизмати форумида намоён бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Кадрлар сиёсатини таъминлаш йиғма ахборот-таҳлил департаменти мудири Алишер Эранов шу ҳақда маълумот берди:  

– Форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши – БМТнинг Ўзбекистон билан давлат хизмати соҳасида шаклланаётган мустаҳкам ҳамкорлигининг амалдаги намунасидир.  

Форумда дунёнинг турли мамлакатларидан юқори лавозимдаги давлат хизматчилари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва илмий-академик доира вакиллари, компаниялар ҳамда инновация етакчилари иштирок этиши кутилмоқда.  

БМТ ҳомийлигидаги ушбу форум нафақат давлат бошқарувида инновацияларни жорий этиш, балки халқлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун ҳам катта имкониятдир.

Ушбу нуфузли форум учун нега айнан Ўзбекистон танланди? 

Маълумки, ҳар қандай давлатнинг барқарор ривожланишида амалга оширилаётган манзилли ислоҳотларнинг ўрни катта. Жумладан, сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида барча соҳаларда тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.  

Давлат хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш ҳамда бугунги кун талабларига мослаштириш вазифаси кун тартибидан ўрин эгаллади. Давлат хизмати трансформацияси “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилга асосланди.  

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “давлат – жамият”, “раҳбар – фуқаро” муносабатларининг янги шакли юзага келди. Мақсад – раҳбарларни халқ билан юзлаштириш, мансабдорлар билан фуқароларни бир-бирига яқинлаштириш, жойлардаги муаммоларни синчковлик билан ўрганиш асосида халқчил қарорлар қабул қилишга қаратилди.  

Ўзбекистонда давлат бошқаруви фалсафаси ўзгарди. Илгари давлат бирламчи бўлиб, одамларга сиёсатни амалга оширувчи восита, деб қаралар эди. Шунингдек, кадрлар билан ишлашда замонавий ёндашувларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар институционал ўзгаришлардан бошланди.  

2019 йил 3 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини бошқариш ҳамда ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул орган этиб белгиланди.  

Агентлик зиммасига профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантириш, кадрлар билан ишлашнинг инновацион усулларини жорий этиш, кадрлар таркибининг сон ва сифат хусусиятларини яхшилаш каби қатор вазифалар юклатилди.  

2022 йил 8 августда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун соҳадаги кўпгина муаммоларга  ҳуқуқий ечим бўлди.  

Кадрлар билан ишлаш соҳасида 160 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш, вакант лавозимларни очиқ танлов орқали тўлдириш тизимлари жорий этилди. Раҳбарлик лавозимларига захира тайёрлаш тизими яратилди.  

Давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган янги ташкилий тузилма – “маҳалла еттилиги” ташкил этилди. Ушбу тузилма маҳаллалардаги муаммоларни эрта аниқлаш, профилактика ишларини кучайтириш ва аҳоли билан бевосита ишлашни самарали ташкил этишга йўналтирилди.

Ўзбекистонда давлат хизматини натижадорликка йўналтириш мақсадида ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, бошқарув ходимлари 30 фоизга қисқартирилди, 30 га яқин турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 150 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди.  

Давлат ташкилотлари томонидан 110 дан ортиқ ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинди. «Электрон ҳукумат»нинг Ягона идентификациялаш ахборот тизими фойдаланувчилари сони деярли 12 миллион нафарга етиб, у орқали давлат идораларининг 750 дан ортиқ ахборот ресурсларидан фойдаланиш имконияти яратилди.  

Тизимдан кунлик фойдаланишлар сони 225 мингни ташкил этмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қарийб 750 турдаги хизмат онлайн шаклда кўрсатилмоқда.  

2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижроия органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан, вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилди. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон ушбу соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш йўлида собитқадам.  

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг кўҳна, боқий ва тарихий шаҳри Самарқандда БМТнинг Давлат хизмати форуми  (“UN Public Service”) ўтказилиши мамлакат учун давлат хизматлари тизимини модернизация қилиш, рақамли трансформацияни амалга ошириш ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни кучайтиришда жиддий қадам бўлади.  

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech