БМТ: Гўдаклар туғилибоқ очликка йўлиқмоқда

БМТ Ғазода 50 минг ҳомиладор ва эмизикли аёл бир неча кундан бери оч қолаётгани ҳақида бонг урди.

Ташкилотнинг Араб давлатлари минтақавий бюроси баёнотида Ғазодаги ҳомиладорлар, оналар ва чақалоқларнинг аҳволи оғирлиги таъкидланган. Ҳомиладор аёллар бир неча кун давомида овқатланмаётгани сабабли чақалоқлар муддатидан олдин туғилмоқда. Гўдаклар овқати ҳам тугаган. Очлик тинкасини қуритган оналар болаларини эмиза олмаяпти. Шу боис  Ғазода жонсиз ёки бир умрлик асорат билан туғилиш хавфи юқори.

– Бунинг олдини олиш учун инсонпарварлик ёрдамига йўл очиш керак – дея чақириқ берган ташкилот. – Сектордаги чегара манзиллари орқали гуманитар кўмак етказилишига Исроил томони март ойидан бери тўсқинлик қиляпти. Ҳарбий ҳаракат минтақани гуманитар фалокат ёқасига олиб келди. Мунтазам равишда фуқаролик инфратузилмаси нишонга олиниб, фаластинликлар кўчиб юриб жон сақлашга мажбур қилинмоқда. Ғазо гуманитар ёрдам жамғармаси томонидан ташкил этилган бўлинмаларга уюштирилган ҳужумлар  оқибатида кўплаб ғазоликлар нобуд бўляпти. Май ойидан бери озиқ-овқат тарқатиш бўлимларига ёрдам илинжида келганлар ўққа тутилмоқда. Исроил ҳарбайлари гуманитар ёрдам нуқталарини “ўлим тузоғи” деб атайди. Шундай манзилларда 766 нафар бегуноҳ инсон ҳалок бўлган, 5044 одам яраланган.

К.Бекжонов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech