Келажакнинг эгаси, эртамизнинг ёрқин чироғи бўлгувчи болаларимизнинг бугунги бахти, камолоти, саломатлиги, хурсандчилиги ҳамма нарсадан муҳим. Бугун фарзандларимиз учун йўналтирилган сармоя, кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик эртага, албатта, ўз натижасини беради.
Шу мақсадда мамлакатимизда ўғил-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, эркинликларини ҳимоя қилиш, билим ва касб-ҳунар ўрганиши, ўзини намоён этиши учун шароитлар яратиш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилади. Бугун ҳар бир бола давлатимиз ҳимоясида. Бунинг конституциявий асослари мустаҳкамлаб қўйилганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хусусан, янгиланган Конституциямизда алоҳида бир боб "Оила, болалар ва ёшлар" масаласига бағишланган.
Унга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Шунингдек, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб беради.
Шунингдек, Конституциямиз билан мажбурий меҳнатни тақиқлаш бўйича кафолатлар янада кучайтирилгани баробарида болалар меҳнати тақиқлангани халқаро даражада эътирофларга сазовор бўлмоқда. Болаларни ҳар қандай шаклдаги меҳнат жараёнларига жалб этиш бартараф қилиниб, уларни фақат ва фақат билим олишга, спорт, санъат, китобхонлик, умуман, фойдали машғулотларга жалб этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Фарзандларимизга бўлган эътибор ва ғамхўрлик Конституциямизнинг яна бир қатор моддаларида ўз ифодасини топган. Жумладан, 77-моддада ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги, давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлаши белгилаб қўйилган.
Дарҳақиқат, бугун демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатларини таъминлаш энг биринчи галдаги вазифалардан саналади. Бу борада ота-онасидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг оила муҳитида ўсиб-улғайиши учун шароитлар яратишга ҳам алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Оилавий болалар уйларига тарбияга берилган болаларнинг ижтимоий ёрдам, таълим ва соғломлаштиришга бўлган ҳуқуқлари конституциявий даражада ҳимояланиб келинмоқда. Шу билан бирга, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши эътиборга молик жиҳатлардан биридир.
Бундан ташқари, Конституциямизнинг 78-моддасида фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шу билан бирга, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши ҳам Бош қомусимизда ўз ифодасини топган.
Дарҳақиқат, давлат бола ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоясини, ҳар томонлама ривожланишига шароит яратишни ўз зиммасига олар экан, бунинг учун барча зарур чораларни кўради.
Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимизда фарзандларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларига оид мустаҳкамланган нормалар ёш авлод вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини, истеъдодини юзага чиқаришга, манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ушбу конституциявий нормалар юртимиз фарзандларига бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг кўламидан дарак беради.
Болаларимизни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла таъминлашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар самараси эса бугун юрт фарзандлари барча соҳада эришаётган юксак марраларда ўз ифодасини топмоқда. Давлатимиз ўз фарзандларига қанот бўлиши асносида эртанинг мустаҳкам заминини, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этётир. Халқимизнинг болажонлиги, фарзандларига меҳру эътибори, ғамхўрлиги, давлатнинг яратаётган имкониятлари эса ёш авлод вакилларига катта мотивация бўлиши шубҳасиз.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 02.06.2025
- Кўришлар: 554
- Чоп этиш