Болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан парламент сўрови юборилади

Ялпи мажлисда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, бу борада илғор хорижий тажрибадан ҳамда замонавий диагностика ва даволаш технологияларидан фойдаланиш, шунингдек, ҳудудий тиббиёт муассасалари имкониятларини янада кенгайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида (умумий аҳоли сонининг 33,3 фоизи) 824 та оилавий шифокорлик пункти, 984 та оилавий поликлиника, 207 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 233 та болалар даволаш-профилактика муассасаси томонидан  12,9 млн нафардан ортиқ 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Республика бўйича 4 247 ўриндан иборат 13 та ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этилган.

Ўтган йилда республика бўйича 18 ёшгача бўлган болалардан 11,2 млн нафари (95,5 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 3,4 млн нафарида (28,8 фоизи) турли хил касалликлар аниқланган. Касаллиги аниқланган 3,1 млн болалар (89,4 фоиз) соғломлаштирилган.

2024 йил якунига қадар 1,3 млн 6–23 ойлик болалар микронутриент кукуни билан тўлиқ таъминланган.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаларида педиатр, неонатолог, фтизиопедиатр, иммунолог, болалар жарроҳи, ўсмирлар педиатри каби мутахассислар етишмаслиги қайд этилди.

Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларига ҳудудлардан малакали мутахассислар кўригига йўлланмалар ошиши ҳисобига бўлаётган юкламалар улардаги ўрин фондига ҳамда белгиланган норматив меъёрларга мос келмайди.

Шунингдек, айрим ҳудудлардаги Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида кардиожарроҳлик бўлимлари ҳамда чақалоқлар жарроҳлиги бўлимлари ташкил этилмаганлиги, болаларга хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаларининг айримларида моддий-техник ҳолат талабга жавоб бермаслиги ҳамда замонавий юқори технологик ускуналарга эҳтиёж мавжудлиги таъкидланди.

Ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech