(“Адолат ҳимоясида” медиалойиҳаси: 6-мақола)
Пойтахтлик Тоштилла Абдуллаева Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбарияти, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими ходимларига ўз миннатдочилигини изҳор этгани келган экан.
– Бир гуруҳ фирибгарларнинг алдовига ишониб, бор-йўғимдан ажралиб қолгандим, – ҳаяжон билан гапиради у. – Бунинг устига Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди афв этишни татбиқ этиб, жазодан озод этган бўлса ҳам мени жиноят содир этганликда айбдор деб топган эди. Фарзандларим, невараларим, қариндошларим, маҳалла-кўй олдида юзимни ерга қаратишганди.
Етти йил давомида мурожаат қилмаган идорам қолмади ҳисоб. Улардан деярли бир хил – суд ҳукми қарорига ҳавола қилинган жавоблар олардим, холос. Ниҳоят Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбарияти қабулига келгач, адолат қарор топишига умид қила бошладим. Уларнинг мурожаатлари асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Олий судга менинг ишим бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар тўла текширилмаганлиги ва тўпланган далилларга етарлича қонуний баҳо берилмаганлиги ҳисобга олиниб, назорат тартибида протест киритилди.
Натижада менинг ишим назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилди ҳамда мурожаатим юзасидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди аппеляция инстанциясининг 2017 йил 26 сентябрдаги қарори бекор қилинди ва иш аппеляция инстанциясининг бошқа таркибида янгидан кўриб чиқиш учун юборилди.
Тошкент шаҳар суди аппеляция инстанциясининг 2019 йил 13 июндаги ажрими билан содир этилган жиноятга дахлим ҳам, менда назарда тутилган жиноят аломатлари (жиноят таркиби) бўлмаганлиги учун ҳам Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ўзимга нисбатан чиқарган ҳукми бекор қилинди, жиноят ишим ҳаракатлари тугатилди.
Шунингдек, Марказга биринчи босқич суди чиқарган ҳукмидан норози бўлган М.Мадраҳимов, Р.Ражапов, А.Ваисовнинг мурожаатларида ҳам қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги баён этилган эди. Улар тегишли ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилиши натижасида апелляция инстанция судларининг ажрими билан биринчи босқич судларининг айбловлари қайта квалификация қилиниб, белгиланган жазо муддатлари ўзгартирилишига эришилди.
Фуқаролар Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказига ўзларининг ижтимоий-иқтисодий, мулкий, меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳам тез-тез мурожаат қилиб туришади. Бу мурожаатларда баён этилган муаммолар ижобий ҳал этилиши учун тегишли идора ва муассасалар билан биргаликда барча зарур чоралар кўрилади.
Масалан, Солиқ академиясини имтиёзли тугаллаган, “Меҳрибонлик уйи”нинг собиқ тарбияланувчиси Э.Акрамова давлат бюджети ҳисобидан берилиши лозим бўлган моддий ёрдамни олишда амалй ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Ўзбекистон Бош прокуратураси ушбу масалани назорат тартибида ўрганиб чиқди ва компенсация пуллари Э.Акрамовага тўлиқ тўлаб берилиши таъминланди.
Марказнинг фуқаролар мурожаатлари ижросини таъминлаш учун кўрган чоралари туфайли Сурхондарё вилоят ҳокимлиги Термиз туманида яшовчи З.Абдужалилованинг аризаси асосида унинг оиласида икки нафар ногирон борлиги ҳисобга олинган ҳолда буларнинг Тошкент шаҳрида даволанишлари учун ордер тақдим этди. Бу оила аъзолари уй-жойга муҳтожлиги учун меҳнат лаёқати чекланган фуқароларга бериладиган уйлар рўйхатига киритилди.
Шунингдек, Меҳрибонлик уйларининг собиқ тарбияланувчилари бўлган Д.Иванов, Ф.Валиева Ш.Эшмирзаев ва И.Шеглованинг мурожаатларида баён этилган масала ҳам ижобий ҳал этилди. Уларга бириктирилган хонадонларни таъмирлаш учун Ангрен шаҳри маҳаллий бюджет ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 90 миллион сўм ажратди.
Тошкент Давлат педагогика университетининг махсус педагогика факультети талабалигига қабул қилинган чин етим Г.Бўриева Марказ мурожаати асосида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокимининг қарори билан тўлиқ давлат таъминотига олинган.
“Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, якка тартибдаги ҳунарманд М.Хамраевнинг Бухоро вилоят Ғиждувон туман давлат солиқ инспекцияси томонидан асоссиз равишда солиқ қарздорлигига дучор қилинганлиги тўғрисидаги шикояти ҳам Марказ аралашуви билан ижобий ҳал қилинди. Уста ҳунарманднинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, асоссиз ҳисобланган солиқ қарздорлиги бекор қилинди ва унга давлат томонидан белгиланган имтиёзлар татбиқ этилиши таъминланди.
Эркин Эрназаров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 01.01.2020
- Кўришлар: 5020
- Чоп этиш