Декларациялар мулоқоти Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсатини тарғиб этади (+видео)

Тошкентда 10 сентябрь куни “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми иш бошлади. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан АҚШнинг “Love Your Neighbor Community” – LYNC нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган ушбу тадбир 2022 йил Тошкент, Самарқанд ва Бухорода ўтказилган, кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эътироф этилган “Бухоро декларацияси” қабул қилинган анжуманнинг мантиқий давомидир.

Дунёнинг 15 давлати, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Марказий Осиё давлатларидан 50 нафарга яқин етакчи диншунос, илоҳиётчи олимлар ва экспертлар, қатор юқори мартабали шахсларни жамлаган мазкур форум жамиятда тинчлик, тотувлик ва барқарорликни сақлашнинг муҳим омили сифатида динлар ва маданиятлар ўртасидаги конструктив мулоқотни ривожлантиришга қаратилган. Анжуман давомида виждон ва эътиқод эркинлигини илгари суриш, диний белгилар бўйича камситишга қарши курашиш, конфессиялараро ишончни мустаҳкамлаш масалалари иштирокчилар диққат марказида бўлади.

Тадбир айниқса, геосиёсий кескинлик, блоклар ўртасидаги зиддият кучайиб, мафкуравий келишмовчилик чуқурлашиб бораётган тез ўзгарувчан дунё шароитида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, соҳанинг етакчи хорижий мутахассислари таъкидлашича, конфессиялараро ҳамжиҳатликнинг барқарор моделини яратишга муваффақ бўлган мамлакатлар, хусусан Ўзбекистоннинг ижобий тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш жуда муҳим.

– Ушбу форумни ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблаймиз, чунки Тошкентда сўнгги ўн йил ичида қабул қилинган еттита декларация муҳокама қилиняпти, – деди АҚШ пойтахти Вашингтондаги Муҳаммад масжиди имоми Толиб Шариф. – Мазкур анжуман айнан Ўзбекистонда ўтказилаётгани бежиз эмас. Зеро, мамлакатингиз қисқа вақт ичида айни соҳада улкан ислоҳотларни амалга оширди. Умид қиламизки, тинчлик ва глобал барқарорлик, диний эркинлик ва инсон ҳуқуқлари мавзуларида олиб борилаётган навбатдаги мулоқотимиз бутун дунё бўйлаб акс-садо беради. Шу жиҳатдан тадбир нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, барча ҳамкорлар умумий мақсад – барқарор ривожланиш, халқлараро ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришимиз зарур.

Мутахассислар диний эркинликни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал механизми, давлат ва диний ташкилотлар мулоқоти қандай йўлга қўйилиши хусусида сўз юритаркан, дунёвийлик тамойилига амал қилиш, диний эътиқод асосида камситишга йўл қўймаслик нафaқат ҳуқуқий меъёр, балки ижтимоий ишонч ва ҳамжиҳатлик гарови ҳам экани алоҳида қайд этилди.

Фуқаролик жамиятининг конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қўшадиган ҳиссаси мавзуси давлатнинг соҳадаги ўрни ҳақидаги мунозаранинг мантиқий давоми бўлди. Бу борада нодавлат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари ва таълим муассасалари ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшаш маданиятини шакллантиришга қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги таҳлил қилинди.

Бугунги кунда турли диний жамоалар вакиллари ўртасида мулоқот ўрнатишга ёрдам бераётган муваффақиятли ташаббус ва лойиҳаларга оид мисоллар ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Ушбу амалиёт яққол кўрсатадики, айнан фуқаролик жамиятининг фаол иштироки ишончни мустаҳкамлаш жараёнига барқарор ва ҳаётий тус беради.

13 сентябрь куни форум якунида жаҳон ҳамжамиятига қаратилган якуний Мурожаатнома қабул қилинади. Мазкур ҳужжатда диний озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, диний эътиқод асосида камситишга йўл қўймаслик, зўравон экстремизмга қарши курашиш воситаси сифатида диний маърифатни ривожлантириш, эътиқод эркинлигини инсоннинг универсал ҳуқуқи сифатида тасдиқлаш ҳамда диний ва маданий фарқдан қатъи назар, барча инсонлар тенг ҳуқуқлилигини рағбатлантириш чақириқлари жамланади.

Умуман, “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми натижаси глобал хилма-хиллик шароитида диний бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва барча халқлар тинч-тотув яшашини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Эртага иштирокчилар Самарқанд шаҳрига йўл олади ва мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий, диний-фалсафий мероси билан танишади. Дастур асосида турли конфессияларга тегишли объектлар бўйлаб зиёрат, диний жамоалар вакиллари билан суҳбатлар режалаштирилган.

Ўткир Алимов, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech