Демократик ислоҳотлар ва барқарор ривожланиш йўлидаги янги чора-тадбирлар

Кейинги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, давлат ва жамият ўртасида конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларни ижтимоий жараёнларга фаол жалб қилиш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Бу жараён БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳам ҳамоҳанг равишда амалга оширилмоқда.  

Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларига амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг самарали фаолияти учун қулай институционал ва моддий муҳит яратиш масаласи долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу йўналишдаги вазифалар жорий йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2025 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари” бўйича “йўл харитаси”да ҳам ўз аксини топган.

Йўл харитасида фуқаролик жамиятини ривожлантиришда устувор аҳамиятга эга бўлган бир қатор йўналишлар белгиланган. Концепцияда белгиланган амалиётлар давлатнинг фуқаролик жамияти институтларига оид сиёсатини янада самарали ва аниқроқ шакллантиришга қаратилган. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари субъектларининг ҳуқуқий ва институционал асослари янада такомиллаштирилиб, уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Улар орасида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларни эътироф этиш, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ва энг фаол фуқароларни тақдирлаш каби тадбирлар назарда тутилади. Бу эса ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, жамоатчилик орасида фуқаролар фаоллигини рағбатлантириш ва уларни қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини янада кегайишига имконият яратилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларига амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари, яъни грантлар ва ижтимоий буюртмалар тизимини кенгайтириш каби вазифалар белгиланган. Бундан мақсад — ННТ фаолиятининг самарадорлигини ошириш, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва соҳа вакилларининг масъулиятини юксалтиришдир. Буни таъминлаш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари учун касб этикаси кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳам назарда тутилган.

Мазкур йўналишда тажриба алмашиш ва ННТ ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш вазифаси белгилангани ҳам муҳим аҳамият касб этади. ННТ ўзаро билим ва тажриба алмашиш орқали замонавий методлар, инновацион ёндашувлар ва стратегик усулларни қўллашни ўзлаштиришади, хусусан, уларнинг фаолиятида ижтимоий муаммоларга тез ва самарали жавоб беришга имкон беради.

Шу билан бирга, халқаро майдондаги фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган чоралар ҳам амалга оширилиши белгиланган бўлиб, БМТ томонидан ташкил этилган “Халқаро демократия куни” муносабати билан Ўзбекистонда демократик бошқарувда фуқаролик жамиятининг ўрни мавзусида халқаро конференция ўтказилиши мўлжалланган. Бу тадбир хориж тажрибасини ўрганиш, экспертлар билан мулоқот қилиш ва фуқаролик жамиятининг ривожланишига янги ёндашувларни шакллантиришга ёрдам беради.

Аҳамиятли ёндашувлардан бири сифатида фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденцияларини тизимли равишда баҳолашга қаратилган йиллик миллий маъруза тайёрлаш кўзда тутилган. Ушбу маъруза фақат таҳлил воситаси эмас, балки фуқаролик жамияти ва давлат ўртасидаги самарали мулоқотни йўлга қўйиш, шаффофликни таъминлаш ва фуқаролар эҳтиёжларига мос сиёсий ечимларни ишлаб чиқишда муҳим платформага айланди. Шунингдек, миллий маърузалар, шубҳасиз, фуқаролик жамиятининг ривожланиш даражасини баҳолаш, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда келгусидаги стратегияларни белгилашга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш нафақат демократик ислоҳотлар йўлида муҳим омил, балки кенг маънода барқарор ривожланишнинг кафолати сифатида ҳам кўрилмоқда.

Адолатли ва очиқ жамият қуришда фақат давлатнинг эмас, балки фуқароларнинг ҳам масъулиятни ҳис этиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Айниқса, ҳуқуқий маданиятни ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва қарор қабул қилиш жараёнларида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш орқали фуқаролик жамияти институтлари барқарор ривожланишга хизмат қилувчи мустаҳкам пойдеворга айланмоқда. 

Элёржон САМИНОВ,

Барқарор ривожланиш маркази директори.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech