«Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига кўра, эндиликда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ўзи ва қонуний вакилининг рухсатисиз, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя агентлиги сўровисиз бемор ҳақидаги тиббий маълумотларни бериш тақиқланиши белгиланмоқда.
Бу ногиронлиги бор шахсларни ҳимоя қилишда янги ёндашув ва механизмларни жорий этишда алоҳида аҳамият касб этади. Эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳолатини ҳар томонлама баҳолаш орқали давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг манзиллилиги ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжат лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида партия электорати нуқтаи назаридан қизғин муҳокама қилинди.
Шунингдек, йиғилишда “Ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар акс этган лойиҳада ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг қонуний талабларини бажармаслик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Фракция аъзолари амалиётда ижтимоий хизмат ва ёрдамларни кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомилларни бажармаслик ҳоллари учраб турганини қайд этиб, бу борада ҳуқуқий чора белгиланиши муҳимлигини таъкидладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 22.04.2025
- Кўришлар: 17
- Чоп этиш