Экологик фармон: қурилишлар ва корхоналар устидан қатъий назорат, сунъий кўллар, транспорт ҳаракатидаги чекловлар

Тошкентдаги экологик вазиятни яхшилаш учун махсус комиссия тузилиб, унга жиддий ваколатлар берилди.

Фото: Kun.uz 

Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

Мазкур комиссия зиммасига пойтахтда ҳаво сифати, яшил ҳудудларни асраш ва кўпайтириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш, саноат корхоналари фаолиятида экологик талабларга риоя этилишини кучайтириш каби йўналишларда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини мувофиқлаштириш вазифалари юклатилади.

Махсус комиссиянинг унга юклатилган вазифалар ва берилган ваколатлар доирасида қабул қилинган қарорлари, кўрсатмалари барча давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

Фармонда белгиланган чоралар Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва яшаш учун қулай шароит яратишга қаратилган.

Транспортлар ҳаракатида чекловлар

Махсус комиссияга қуйидаги ваколатлар берилади:

1) Табиий чангланиш кучайган пайтда саноат корхоналари, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловларни жорий қилиш;

2). Транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш, жумладан:

  • Тошкент шаҳрида юк ташиш автотранспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклаш амалиётини йўлга қўйиш;
  • автотранспорт воситаларининг, шу жумладан давлат рақамига мос равишда тоқ ва жуфт саналарда ҳаракатланишини чеклаш амалиётини жорий қилиш (электромобиллар бундан мустасно);
  • ҳаракатланиши вақтинчалик чекланадиган автотранспорт воситалари турлари, кўчалар ва бошқа ҳудудларни белгилаш.

3) атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир қилувчи моддалар ёққан иссиқхоналар ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча ёки тўлиқ тўхтатиш;

4) Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларга кўчирилиши мажбурий бўлган саноат корхоналари ва саноат зоналарини белгилаш;

5) саноат корхоналари учун ташланмаларнинг рухсат этилган миқдорини белгилаш ва ушбу талабни бузган саноат корхоналари фаолиятини тўхтатиш бўйича белгиланган тартибда чора кўриш;

6) қурилиш ишларини амалга оширишга чеклов ва уларга талаблар жорий қилиш, шу жумладан қурилиш вақтида чангни бартараф этувчи ускуналарни ўрнатиш ва бошқа талаблар;

7) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини экологик талабларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида мувофиқлаштириш;

8) оқар сув (дарё, канал, ариқ) объектларида сув объектлари қирғоқ муҳофаза минтақа зоналарида қурилишни тақиқлаш ва экологик вазиятни яхшилаш билан боғлиқ бошқа ваколатлар.

Қурилиш объектларидаги текширувлар

Махсус комиссия бир ҳафта муддат ичида Тошкент шаҳрида қурилиш учун ажратилган 500 м кв ва ундан ортиқ майдонларда қуйидаги талаблар орасида текширув ишларини амалга оширади:

  1. умумий майдоннинг 25 фоизи кўкаламзорлаштирилгани;
  2. қурилиш майдонларида сув пуркагичлар ўрнатилгани;
  3. қурилиш майдонларининг кириш-чиқиш йўлакларида автотранспорт воситалари ғилдиракларини ювиш ҳовузлари барпо этилгани;
  4. қурилиш материаллари ва маиший чиқиндиларни ташишда транспорт воситалари брезент ёки ПВХ қопламали материаллардан тайёрланган тент билан ёпилган тарзда ҳаракатланиши;
  5. қурилиш майдонининг чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйилмаётгани.

Ҳовлини суғоришга қўйилган чеклов бекор қилинади

Янги тартибга кўра:

  1. майдони 1000 м кв.дан кўп бўлган қурилиш участкаларида фон мониторинг станцияларини ўрнатиш ва уни Экология қўмитасига интеграция қилиш қурилишни давом эттиришнинг асосий шарти этиб белгиланади;
  2. Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан ёз-куз мавсумида асосий йўл четларида мавжуд бўлган дарахт ва буталарни куннинг биринчи ярмида ҳамда ҳафтада камида 3 марта ювиш ишлари ва тегишли хулосага асосан биотехник тадбирлар амалга оширилади;
  3. жисмоний ва юридик шахслар ўзлари эгалик қилиб турган ер майдони ҳудудидаги дов-дарахтларни суғориш мақсадида ичимлик сувидан фойдаланиш вақтига қўйилган чеклов (соат 00:00 дан соат 05:00 гача) баҳор ва ёз фаслларида бекор қилинади. Бунда ичимлик сувидан бошқа мақсадда фойдаланиш бўйича чеклов ўз кучида қолади; кўп квартирали уйларга суғориш учун сув резервуарларини ўрнатиш чоралари кўрилади;

Сунъий кўллар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавосининг сифатига ижобий таъсир кўрсатадиган микроиқлим барқарорлигини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги ва «Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда уч ой муддатда пойтахтнинг 4 та йўналишида (шарқ, ғарб, шимол ва жануб қисмларида) камида 3 тадан сунъий кўл ва сув ҳавзаларини ташкил этиши керак.

Шунингдек, пойтахт ҳокимиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳри ҳудудидаги фавворалар сонини камида 2 бараварга кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Ўзбекистон президенти администрациясига киритиши керак.

Иссиқхоналарга газ

Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда жойлашган барча иссиқхоналар яқин вақт ичида табиий газ билан иситишга ўтказилиши керак.

Энергетика вазирлигига бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳри ва унга туташ бўлган ҳудудлардаги барча иссиқхона объектларига табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилишини ташкил этиш ва узлуксиз табиий газ етказиб берилишини таъминлаш топширилди.

Шунингдек фармонга кўра, Экология қўмитаси бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиши керак:

  1. майдони 200 кв метр ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналари носоз ишлаши ёки мавжуд бўлмаганлиги учун маъмурий жарималар миқдорларини юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига 5 бараварга ва жисмоний шахсларга 3 бараварга ошириш;
  2. майдони 200 кв метр ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда ёқилғи моддалар, материал ва чиқиндилар (шина, битум, мазут, ишлатилган автомобил мойи плёнка, резина, жун толаси ва бошқалар) ёқилгани аниқланганда иситиш қозонхонасини давлат фойдасига мусодара қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарликни жорий этиш.

Экологик мониторинг

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши бўйича экологик мониторинг тизими 2025 йил якунига қадар қуйидагиларни назарда тутган ҳолда такомиллаштирилади:

2025 йил якунига қадар атмосфера ҳавоси ифлосланишининг фон мониторинги учун 347 та автоматлаштирилган станция тўғридан тўғри шартномалар асосида сотиб олинади.

Air Monitoring Tashkent платформаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли 10 та автоматик мониторинг станцияси Экология қўмитаси бошқарувига ўтказилади ва қўмита томонидан мазкур платформа негизида Air Monitoring Uzbekistan платформаси ишга туширилади.

Экология қўмитаси томонидан Air Monitoring Uzbekistan платформасига харид қилиниши режалаштирилган 347 та станция, Гидрометеорология хизмати агентлиги тизимидаги барча кузатув станциялари, шу жумладан «Замин» фонди кўмагида ўрнатилган 23 та автоматик станция уланади.

Ҳаво тозалагичлар бождан озод этилади

Фармонга мувофиқ, атмосфера ҳавосининг PM2.5 каби майда заррачалар билан ифлосланиш манбаларини аниқлашга ихтисослашган махсус лаборатория ташкил этилади.

У космик тасвирлар, замонавий ўлчов ускуналари ва моделлаштириш технологиялари асосида таҳлиллар олиб боради, қабул қилинаётган экологик қарорларни илмий жиҳатдан асослашга хизмат қилади.

Махсус лабораторияга ускуналар ва унга зарур бўлган жиҳозлар, жумладан термик оптик таҳлилларни олиб бориш учун термо-оптик анализатор ускунаси ҳамда атмосфера ҳавоси намуналарини йиғиб олиш учун 5000 дона кварц филтрлар энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан тўғри харид қилинади.

Шунингдек, махсус лаборатория учун ускуналар ва бошқа жиҳозлар, автоматлашган кичик станциялар, ташламаларнинг автоматик мониторинг станциялари, автоматик кузатув постлари, чанг-газ тозалаш ускуналари, локал сув тозалаш иншоотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилади.

Эски автомобилларни trade-in орқали янгилаш тизими

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ўзавтосаноат» АЖ билан биргаликда автотранспорт воситаларининг атмосфера ифлосланишига таъсирини камайтириш мақсадида бир ой муддатда Тошкент шаҳрида «Евро-4» экологик стандартига жавоб бермайдиган, M ва N тоифасига мансуб, 2010 йилгача ишлаб чиқарилган автомобилларни trade-in орқали янгилаш механизми жорий этилади.

Ушбу механизм орқали эски автомобиллар эгаларига уларни янгироқ, экологик жиҳатдан хавфсизроқ транспорт воситаларига алмаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши, бу эса ўз навбатида пойтахт ҳавосининг ифлосланишини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

Сояли сайр кўчалари ва «яшил коридор»

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Экология қўмитаси, Фанлар академияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда Тошкент шаҳрининг барча туманларида яшиллик даражаси паст бўлган ва узунлиги 5 километрдан кам бўлмаган кўчаларни (ҳар бир туманда учтадан) танлаб олиш орқали «Сояли сайр кўчалари» ташкил қилинади.

2026 йил баҳор ҳамда куз мавсумларида Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳрининг 33 километр узунлигидаги кичик ҳалқа йўли бўйлаб «Яшил коридор» лойиҳаси амалга оширилади.

2026 йил 1 апрелга қадар хорижий компания ва илмий-тадқиқот институтларини жалб қилган ҳолда «Яшил Тошкент» мастер режаси ишлаб чиқилади.

Тошкент шаҳрининг 700 та чорраҳасида замонавий, сунъий интеллект ёрдамида ҳаракат оқимини бошқариш имкониятига эга интеллектуал светофор тизими жорий қилинади.

Ҳаво сифати бўйича рангли индексация

Ўзбекистонда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида ҳаво сифати кўрсаткичлари миллий тавсиявий индексацияси (яшил, сариқ, қизил, жигарранг) тасдиқланади.

Индексацияни 1 декабрга қадар ишлаб чиқиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Экология қўмитасига топширилди.

Тавсиявий индексация асосида ифлосланган ҳавонинг одам организмига таъсирини камайтириш бўйича маска кийиш ва бошқалар каби тавсиялар ҳам ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, ҳаво сифати кескин бузилиши ҳолатларида аҳолини Санитария хизмати томонидан эрта огоҳлантириш тизимини жорий қилинади.

Фармонда яна нималар кўзда тутилган?

Ички ишлар вазирлиги 2026 йил якунига қадар республикадаги барча тоифага кирувчи транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш чораларини кўради.

Бош прокуратура 2025 йил 25 ноябрдан 2026 йил 25 мартга қадар мазут, ишлатилган автомобил мойи ва шинасининг ноқонуний айланмасининг олдини олиши, аниқланган тақдирда кескин чоралар кўриши, натижаси юзасидан президент администрациясига ахборот киритиши керак бўлади.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech