Экологик таълим – барқарор келажак асоси

Экологик таълим – аҳолининг атроф-муҳитга нисбатан онгли ва эҳтиёткорона муносабатини шакллантириш, табиат ва жамият ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш, ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим омилдир. Бугунги кунда экологик таълим Ўзбекистон ва бутун дунёда умумтаълим мактабларида таълим-тарбия жараёнининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда 12 май санаси Экологик таълим куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана – табиатни муҳофаза қилишда таълимнинг тутган ўрни, унинг жамият ҳаётидаги долзарблигини йодга солувчи муҳим кун ҳисобланади.

Мамлакатимизда экологик таълим тизимига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда 10 мингдан ортиқ мактабда 32 мингта экологик-биологик тўгарак ташкил этилган бўлиб, уларга қарийб ярим миллион ўқувчи жалб этилган. Шунингдек, 5 минг 200 дан ортиқ мактабда "экологик бурчаклар" фаолият юритмоқда.

Экологик таълимнинг илмий ва инновацион ривожланишида Марказий Осиёда биринчи бўлиб ташкил этилган "Green University" алоҳида ўрин тутади. Ушбу олий таълим даргоҳида экологик муаммоларнинг илмий ечимларига йўналтирилган тадқиқотлар олиб борилади. Университет таркибида экология, барқарор ривожланишни бошқариш, экологик ҳуқуқ ва экологияда рақамлаштириш йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайдиган институтлар ва коллежлар фаолият кўрсатмоқда. Мазкур муассаса нафақат таълим беради, балки илмий лойиҳалар ҳамда халқаро ташаббусларда фаол иштирок этади.

Келгусида экологик таълимни янада кенгайтириш режалаштирилган: болалар боғчаларида "экологик коридорлар" ташкил этиш, циркуляр иқтисодиёт бўйича дастурларни жорий қилиш, шунингдек, ҳудудларда "яшил" техникумлар очиш мўлжалланмоқда.

Бу ташаббусларнинг барчаси – атроф-муҳитни ҳимоя қилишга тайёр, экологик маданиятга эга янги авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech