Элдор Арипов: Ўзбекистон динлараро мулоқотнинг ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда

Тошкентда бўлиб ўтаётган “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форумида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов дунёнинг кўплаб бурчакларида конфессиялараро зиддиятлар кучайиб бораётган бир шароитда форум турли диний қарашларга эга бўлган одамларни ўзаро ҳурмат, виждон эркинлиги ва бағрикенглик маданиятини қарор топтириш йўлида бирлаштирадиган ноёб майдонга айланаётганини таъкидлади.

У ўз нутқида жорий форум 2022 йилда бошланган ташаббуснинг давоми бўлиб, унинг натижаси сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида тан олинган Бухоро декларацияси қабул қилинганини эслатиб ўтди.

Анжуманнинг мақсадлари хусусида сўз юритаркан,Э.Арипов форумнинг асосий вазифаси маърифат ва бағрикенглик маданияти ғояларини илгари суришда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборатлигига эътибор қаратди. 

– Форумимизни айнан “Мулоқот” деб аташимиз рамзий маъно касб этади, -деди у. – Чунки декларациялар сўзлар куч-қудрат касб этганда ва ниятлар умумий йўналишга айлангандагина вужудга келади. Бироқ бунга олиб борадиган йўл ҳар доим ишончли суҳбатдан бошланади, ундан эса ташаббуслар, лойиҳалар ва ҳамкорликлар етишиб чиқади.

Эксперт фикрини давом эттираркан, бундай ёндашувлар бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан кўп жиҳатдан уйғун эканлигини таъкидлади. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш стратегияси доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан, эътиқод эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

СМТИ раҳбарининг таъкидлашича, бу масалага жамиятнинг барқарор ривожланишининг пойдевори сифатида қаралмоқда. Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимизда диний соҳада жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Диний ташкилотларни рўйхатга олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. Бундан ташқари, Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун ажратилган квоталар икки баробарга кўпайтирилди, шунингдек, қўшимча равишда яна 3 та олий ислом таълим муассасаси очилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон виждон эркинлиги кафолати радикаллашув ва диний асосдаги можаролар хавфини камайтиришига ишонади. Давлат ҳам бунга ҳокимият ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашнинг асосий омили сифатида қарайди.

Сўзининг якунида СМТИ директори форум доирасидаги мулоқот тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлишига, форумнинг якуний ҳужжати эса умуминсоний қадриятларни глобал даражада илгари суришга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Муҳаррама Пирматова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech