Элдор Арипов: Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга

Шу кунларда “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов ўз нутқида анжуманнинг Термиз шаҳрида ўтказилиши рамзий маънога эгалигини қайд этди. 

— Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган ушбу қадимий шаҳар азалдан минтақаларни боғловчи муҳим марказ бўлиб хизмат қилган, - деди эксперт.

Шунингдек, Э.Арипов Термиз зардуштийлик, буддавийлик, христианлик ва ислом анъаналари пайдо бўлган ва ривожланган маданиятлараро ҳамда диний мулоқот маркази бўлганини ҳам қўшимча қилди.  Юнон-Бақтрия, Кушон подшоҳликлари ва бошқа қадимий давлатлар ўртасида жойлашган шаҳар Темурийлар даврида тараққий этиб, йирик савдо, ҳунармандчилик ва илм-маърифат масканига айланган. 

Қолаверса, Ҳиндистон ва Ўрта Осиёни боғловчи қадимий Шимолий савдо йўли ҳам Термиз орқали ўтган.  Бугун шаҳар изчил модернизация қилинмоқда ва Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси сифатидаги мақомини тиклаган ҳолда яна Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги муҳим боғловчи бўғинга айланмоқда. 

— Термизнинг бой тарихий мероси умумий тараққиёт учун янги стратегик имкониятларни очадиган ҳамкорликнинг ягона маконини барпо этиш учун мустаҳкам замин яратмоқда, — дейди у. 

Элдор Арипов Термиз мулоқотининг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, глобал беқарорлик шароитида барча ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқли иштирокка асосланган эркин ва конструктив мулоқот ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.  Шу мақсадда 2021 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида юқори даражадаги халқаро анжуман ўтказилди, 2022 йилда эса БМТнинг тегишли резолюцияси қабул қилинди. Бу қадамлар ҳамкорлик ва тарихий алоқаларни тиклашга асосланган янги минтақавий кун тартибига асос солди. 

— Бугун бунинг учун барча зарур шароитлар мавжуд,— деди Э.Арипов. — Марказий Осиёда Жанубий Осиё билан ҳамкорликни биргаликда чуқурлаштириш учун мустаҳкам ҳамжиҳатлик шаклланган. “CASA-1000”, ТАПИ ва Трансафғон йўлаги лойиҳаларининг қўллаб-қувватланиши ҳам бунга исбот бўла олади. Бундан ташқари, СМТИ директори Афғонистон босқичма-босқич трансформация бўлаётгани ва қўшнилар билан тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашга интилаётганини таъкидлади. Мамлакатнинг минтақавий алоқаларга, жумладан, Марказий Осиё билан тўлақонли интеграция бўлишга қизиқиши икки минтақа ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун тарихий имконият очмоқда. 

Элдор Арипов Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ҳақида гапирар экан, сўнгги йилларда бу борадаги ишлар барқарор ривожланиб бораётгани, иқтисодий кун тартиби ушбу жараёнда муҳим роль ўйнаётганини қайд этди. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми беш миллиард доллардан ошди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткич минтақалар эга бўлган катта салоҳиятга нисбатан паст. 

Эксперт иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун савдо амалиётларини янада соддалаштириш, транспорт йўлакларининг кўп вариантли тизимини яратиш ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришни муҳим деб ҳисоблайди. 

Шу маънода, Трансафғон йўлагини қуриш лойиҳасини тезроқ амалга ошириш стратегик жиҳатдан муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, унинг ҳаётга татбиқ этилиши минтақа мамлакатлар учун Ҳинд океани портларига энг қисқа йўл очиб, Жанубий Осиёни Марказий Осиё, Россия, Хитой ва Европа бозорлари билан боғлайди. 

Эксперт Термиз мулоқоти минтақаларнинг фаровонлиги йўлидаги ҳамкорлик тамойилларига асосланган, зиддиятлар ва қарама-қаршиликлардан ҳоли муносабатларнинг янги моделини таклиф этишига умид билдирди. 

Нутқининг якунида СМТИ директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этишимиз учун мустаҳкам замин яратади. Ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда мамлакатларимиз дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини чуқур англаш вақти келди.” деган сўзларини келтириб ўтди. 

Эслатиб ўтамиз, 19-21 май кунлари Термиз шаҳрида “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 

Тадбир СМТИ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Форум Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Америка, Яқин Шарқдан 200 га яқин иштирокчиларни  бир майдонда жамлади. Улар орасида сиёсий-иқтисодий, бизнес доиралар, молия институтлари, халқаро ва минтақвий ташкилотлар вакиллари, шунингдек, таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказларининг таниқли экспертлари  бор.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech