Фаластин матбуоти Президентимизнинг оқилона сиёсатини олқишламоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 14 августдаги “Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини фаластинликлар катта мамнуният билан эътироф этмоқда. Буни Фаластиннинг “Wafa”, “Sadanews” ахборот агентликлари, “Alquds” каби қатор нашрларида “Фаластин ҳукумати Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда истиқомат қилувчи Фаластин фуқароларига ёрдам кўрсатиш бўйича яхлит тизим яратиш тўғрисидаги фармонини олқишлайди” сарлавҳали мақола чоп этилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мақолада юртимизга олиб келинган фаластинлик фуқароларга ижтимоий ёрдам жорий этилиши назарда тутилган давлатимиз раҳбари фармони ҳақида сўз боради. Жумладан, ҳужжатда фаластинлик беморлар ва ҳамроҳлари мослашувини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус республика комиссияси ҳамда улар учун барқарор парвариш ва кенг қамровли ижтимоий хавфсизликни таъминлаш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилиши белгилангани алоҳида эътироф этилган.

– Ўзбекистоннинг Фаластин халқига кўрсатилаётган салмоқли ёрдам ва барча даражада адолатли саъй-ҳаракатни акс эттирувчи қадами таҳсинга лойиқ, – дейилган мақолада. – Шунингдек, республиканинг халқаро қонунийлик резолюциялари ва дунёвий ҳуқуқ меъёрига мувофиқ, икки давлат тамойилига асосланган Фаластинни қўллаб-қувватлаш борасидаги принципиал ва тарихий позицияси юқори баҳоланган.

Муаллиф юртимизда инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш, муҳтожларга меҳр билан ёндашиш, эзгулик ва адолат тамойилига содиқ қолиш динимиз, маданиятимиз ва анъаналаримизнинг ажралмас қисми эканига алоҳида эътибор қаратган.

Фаластинликларни қўллаб-қувватлаш ҳаракати Ўзбекистон Республикасининг халқаро гуманитар ва инсон ҳуқуқи тамойилига содиқлигининг яна бир ифодаси эканига урғу берилган. Бу жараён халқаро бирдамликни мустаҳкамлаш, урушдан жабрланганларни ҳимоя қилиш, кишилар ҳаёти ва асосий ҳуқуқига таҳдид солувчи жиддий инқироз шароитида инсоний қадр-қимматни сақлаб қолишнинг амалий намунаси сифатида эътироф этилган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech