Фаластин ташқи ишлар вазири Варсен Агабекян Европа Иттифоқининг Ғазо ва Ғарбий Соҳилда инсон ҳуқуқи бузилаётгани учун Исроилга қарши ҳеч қандай чора кўрмасликда айблади. Мулозим айни ҳолатни "даҳшатли ва умидсизликка солувчи" дея баҳолади. Бу ҳақда "Euronews" ёзган.
Европа Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари ҳисоботида Исроил томонидан инсон ҳуқуқи бузилишига оид 38 ҳолатни қайд этган. Шунга қарамай, ҳозиргача ҳеч қандай чора кўрилмаган. Агабекян айни ҳолат ҳақида шундай деди:
– Ҳаммаси кўриниб турибди – уруш жинояти, озиқ-овқат устидан назорат, навбатда турган одамлар ҳалокати, болалар ўлими. Бу борада индамаслик Иттифоқ қадриятига хиёнатдир.
Фаластин вазири ҳам қатнашган, Брюсселда ўтган йиғилишда Исроилга нисбатан чора сифатида қурол эмбаргоси, экстремист амалдорларга санкция, Европа тадқиқот дастурларидан четлатиш каби 10 та вариант муҳокама қилинди. Афсуски, Германия, Австрия, Венгрия ва Чехия қарши чиққани учун умумий келишувга эришилмади.
БМТнинг 9 июлдаги ҳисоботига кўра, Ғазо аҳолисининг учдан бири кун бўйи овқатсиз қолмоқда, соғлиқни сақлаш тизими эса ёнилғи етишмаслиги сабабли фаолиятдан тўхташ арафасида.
Агабекян ЕИни Исроилга нисбатан тузилма принципларига асосланган ҳолда қатъий чора кўришга чақирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА
- Қўшилди: 17.07.2025
- Кўришлар: 316
- Чоп этиш