Фикр кучи билан iPad бошқарилди

Apple ва нейротехнологиялар бўйича ихтисослашган Synchron компаниялари фалажланган бемор иштирокидаги инқилобий технологик ютуқни намойиш этди. Улар нейроимплант ёрдамида эркакнинг iPad планшетини фақат фикрлари орқали бошқараётганини кўрсатувчи видеони тақдим этди. Бу ҳақда PC Mag нашри хабар берди.

Ушбу инновацион тизимда беморнинг миясига жойлаштирилган имплант нерв импульсларини ўқиб, уларни планшетга узатади. Натижада, фойдаланувчи қурилмада экранга тегмасдан ёзиши, иловаларни очиши ва интернетдан фойдаланиши мумкин бўлади.

Synchron компанияси бу технологияни “фикр билан бошқариладиган интерфейс” деб атамоқда. Ушбу ёндашув фалажланган инсонлар ҳаёт сифатини оширишга қаратилган бўлиб, уларни жамиятга янада яқинлаштиришни мақсад қилади.

 Apple компанияси эса бу лойиҳани ўзининг кириш имконияти (Accessibility) дастури доирасида қўллаб-қувватламоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат нейротехнологиялар ва кундалик ҳаётда рақамли қурилмалардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ўзгартириши мумкин.

Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech