Академик Акмал Саидов мавзусиёқ кишининг эътиборини тортадиган мантиқан пишиқ, моҳиятан кўламдор ва мазмунан бутунлай янги бир китоб ёзибди. Муаллифнинг етук ҳуқуқшунос олим сифатидаги қувваи ҳофизаси тарихий адолат билан бугунги реалликни уйғунлаштирган ҳамда миллий давлатчилик ривожи учун зарур тарихий, ҳуқуқий ва замонавий новеллани ижод қилиш имконини берган. Зеро, Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ва ўша машаққатли даврда фронт ортида оғир ҳамда ҳалол меҳнати билан метин матонатини намойиш этган ота-боболаримиз муқаддас аёлларимиз ҳақидаги тарихий факт миллий давлатчилигимиз ҳамда халқимиз тафаккури ва ёшларимиз учун ҳам катта маърифий-тарбиявий аҳамиятга эга.
“Ғалаба боғи фалсафаси” ёки китобнинг моҳияти
Китобнинг фалсафасини давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига бағишланганида кўриш мумкин. Яъни, муаллиф китобда адолат, миллий давлатчилик, ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, хотира ва қадр каби кўламдор масалаларнинг конституциявий аҳамиятини содда, тушунарли тилда фактик материаллар асосида ёритиб берган. Хотира ва қадрлаш куни арафасида илк бор яхлит асар сифатида нашр этилган мазкур китобнинг фалсафаси қуйидагиларда намоён бўлади.
Биринчидан, Конституциямизда фуқаро ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва бурчлари билан ўзаро алоқадорлиги тўғрисида алоҳида норма мавжуд. Унга кўра давлат ўз фуқароларининг муносиб хизматларини ҳамиша эътироф этади ва қадрлайди. Бу мавзу шу боис фалсафий ва ҳуқуқий аҳамият касб этади. Гап жаҳон тарихининг муҳим узвий бир қисми иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ унутилмас воқеалар ва миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида борар экан, шубҳасиз у фалсафий аҳамият касб этади.
Иккинчидан, ўтган 76 йил мобайнида илк бор Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг миқёсда тарғиб этиш ишига давлат миқёсида Ўзбекистон Президенти томонидан холисона ҳамда комплекс ёндашилди. Масалага тор сиёсий манфаат нуқтаи назаридан эмас, адолат, миллий манфаат ва тарихийлик нуқтаи назаридан ёндашилгани ёхуд уларнинг мард ва тантилиги, ватанпарварлиги шарофати туфайли ҳаётимиз файзли ва баракали эканлигининг китобда ифодаланиши унинг фалсафасини англатади.
Учинчидан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ҳеч шубҳасиз, ёш авлодни юксак гуманизм ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Дарҳақиқат, умумий аҳолисининг ярмидан кўпи ёшлар бўлган суверен Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий давлатчилигимизни шакллантириш, адолат ва тарихий хотирани тиклаш, ҳуқуқ ва бурч тенглигини таъминлашда ушбу асарнинг фалсафаси асқотиши шубҳасиз.
Янги Ўзбекистон ғояси ва Ғалаба боғи фалсафасининг уйғунлиги
Китобда пойтахтимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси янгича фикрий янгиланиш, ўзбекона фалсафа, таъбир жоиз бўлса, халқона сиёсатнинг амалдаги ёрқин натижасилиги асосли тарзда ёритилган. Бундай одамларни рози қилиш борасидаги бунёдкорона ёндашув Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир. Чунончи ҳар бир инсон бобо ва бувилари тарихий матонатининг объектив ва субъектив сабабларга кўра сиёсат соясида қолишини эмас, аксинча адолатли қадр топишини хоҳлайди. Бебаҳо соғлиги, умри, тинчлиги, ороми ва бахтидан воз кечган бундай фидойи ватанпарвар инсонларнинг аччиқ ва фожиали тақдири барча замонларда ҳам ибрат бўлишга лойиқ. Айниқса, уларнинг ўз ҳуқуқидан кўра бурчларини чуқур англагани ва уни шараф билан бажаргани бугунги кун учун зарур бўлган ҳуқуқий маданият ёки ватанпарварлик ҳамда инсон ахлоқини шакллантириш каби долзарб ва ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишда ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Китоб масаланинг моҳиятини теран англаш, чуқур фалсафий, сиёсий ва ҳуқуқий билим, катта ҳаётий тажриба, дунё тажрибасини мантиқли ҳамда тўғри муқояса қилиш асосида яратилган. Уни шунчаки ўқиб бўлмайди. Бунинг иложи йўқ. Бунга китобда келтирилган таъсирчан воқеалар, эҳтиросли жиҳатлар, ўқувчини ҳаяжонган соладиган фактик маълумотлар изн бермайди. Мутоалага киришган ҳар бир инсон унда бехосдан ўзини ёки яқинини кўриши табиий. Сабаби китобда кўтарилган муаммо шу замин ва унда яшаган яшаётган нажиб инсонлар билан бевосита ёки билвосита боғлиқ.
Мазкур китобни шунчаки маълумотлар йиғиндиси деб бўлмайди. Чунки у ўқувчидан тарихда Иккинчи жаҳон уруши деб ном олган қонли жанггоҳларда ва фронт ортида кўрсатган қаҳрамонлигининг юксаклиги, фашистларга қарши бу урушда қозонилган буюк ғалабани Ўзбекистонсиз, ўзбек халқисиз асло тасаввур қилиб бўлмаслигини идрок этишни талаб қилади. Ушбу қизиқарли, жонли воқеаларни ўзида мужассам этган бу китобни фалсафий, тарихий, педагогик, сиёсий ва юридик асар дейиш мумкин. Қолаверса, у китобхонга акс эттирилган фактик материаллар орқали миллий ғурурининг шаклланиши билан бирга унда халқ жамият ва давлат олдидаги масъулиятининг ошишига ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, "бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади". Мазкур таърифда Ғалаба боғи "бетакрор" ва "ғоят ноёб" дея эътироф этилгани бежиз эмас. Бунинг боиси шуки, Ғалаба боғи халқнинг шаъни, ғурури, иродаси сифатида гавдаланади.
Биринчидан, ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги қаҳрамонлигининг рамзи ўта мавҳум ва қисқа ҳамда расмий бўлиши эмас, у комплекс, аниқ фактлар асосида ҳамма учун кенг кўламли, таъсирчан тарбиявий аҳамиятга эга, ҳаққоний ва адолатли тарзда бетакрор ифодаланганида кўринади.
Иккинчидан, бу – Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган неча минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дамларда ҳам ўзлигини асло йўқотмаган, иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш Ўзбекистонда олий даражадаги миллий қадриятга ва давлат сиёсатига айланганининг ўзига хос ғоят ноёб ифодасидир.
“Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг аҳамияти
Маълумки, китобда Ғалаба боғининг яратилиши дастлаб давлатимиз раҳбарининг ғоя ва ташаббуси, ташкилий ҳуқуқий асос, фахрийлар, тарихчи олимлар, ижодкор зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг фикр мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари асосида ташкил этилгани асосли баён этилган. Бунинг маъноси шуки, меъмориал мажмуанинг ташкил этилишига истиқболли стратегия, пухта тайёргарлик, аниқ меъморий концепция, кенг жамоатчилик фикри ёки таклиф ва тавсиялари эътиборга олиниб киришилгани ўз ифодасини топган. Натижада Ғалаба боғи концепциясини амалга оширишда у моҳият эътибори билан халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилатлари, қаҳрамон аждодларимизнинг номлари, шонли анъана ва қадриятларини абадийлаштириш ҳамда юртимизда инсон хотираси азиз ва муқаддас, қадри улуғ эканини таъкидлаш ёхуд ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилганини эътиборга олиб, ушбу ғояни таъсирчан бадиий-монументал усуллар, инновацион ечимлар асосида ифода этишга алоҳида аҳамият берилгани китобда ўз ифодасини топган.
Шундай қилиб, китобни мутолаа қилиш давомида тарихий-бадиий ёдгорлик иншооти сифатида мазкур меъмориал комплекснинг ўз мазмун-моҳиятига кўра, давлат ва жамият миқёсида қуйидаги устувор вазифаларни ўзида мужассам этганини кўриш мумкин.
Биринчидан, Ғалаба боғидаги ҳар бир ёдгорлик объекти ва қурилма, музей экспонатлари халқимиз, айниқса, ёшларни урушнинг даҳшатли ва фожеавий оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чорлайди. Шу нуқтаи назардан, Ғалаба боғи навқирон авлодларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётни ардоқлаш ҳамда мустақилликнинг қадрига етишга, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, Ватан ҳимоясига ҳамиша тайёр туриш руҳида тарбиялашда улкан аҳамият касб этади.
Иккинчидан, Ғалаба боғида Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Учинчидан, шу билан бирга, зиёратчиларнинг мазмунли дам олиши, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш учун жамики қулайликлар муҳайё этилган. Аҳоли ва хорижлик сайёҳларнинг кўнгилли сайр этишини таъминлаш учун боғ ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ўзига хос дизайнда амалга оширилди.
Тўртинчидан, ана шундай улуғвор бунёдкорлик ишлари билан бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон халқининг Буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссасини янада чуқурроқ ўрганиш борасида ҳам муҳим натижалар қўлга киритилди. Президентимизнинг тавсиялари асосида бу борада оз фурсатда катта илмий тадқиқотлар ва жиддий таҳлилий изланишлар амалга оширилди.
“Матонат мадҳияси” ёдгорлигининг моҳияти
Китобда “Матонат мадҳияси” деб аталган муаззам обида она Ватан рамзи бўлиб қад ростлагани таъсирчан услубда ифодаланган. Унга кўра мазкур ёдгорлик мажмуаси қандайдир бадиий образ эмас, унга ҳаётда бўлган воқеа асос қилиб олингани баён этилган. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт нафар келини бева, беш набираси эса етим бўлиб қолган. Келинлари ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, ўз оиласига содиқ қолган ва бошқа турмуш қуришмаган.
Шунингдек, китобда бу масалада қизиқ ва янги факт келтирилади. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Алиназар Эгамназаровнинг сўзларига кўра, Иккинчи жаҳон урушида бир оиладан беш нафар фарзанд урушга кетиб ҳеч бири қайтмаган оила дунёда учта бўлиб, иккитаси Беларусь ва АҚШда, яна бири Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова оиласидир. Она Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан жудо бўлган.
2019 йили Хотира ва қадрлаш кунида давлатимиз раҳбари Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга “Матонат мадҳияси” деб ном бериш таклифини билдирган эди. Бу ташаббусни жамоатчилигимиз қизғин қўллаб-қувватлади.
“Матонат мадҳияси” монументи ўзбек аёлининг адоқсиз меҳр ва бардоши, садоқати ва матонати рамзидир. Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “бу – Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал. Ушбу ёдгорлик бутун халқимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланиб қолади. Бу ерга келган ёшлар миллатимизнинг қонида бўлган фазилатларни англаб, уларни қадрлаб яшашга интилади”.
Айрим тарихий сабоқлар
Азиз китобхон агар сиз “Мангу жасорат”, “Кўз ёши” монументлари ва “Шон-шараф” музейи билан боғлиқ қизиқ тарихий воқеа ва ҳодисларни билишни истасангиз албатта китобни яхлит тарзда тўлиқ ўқинг. Кетган вақтингизга ачинмайсиз. Аксинча кўп фойда кўрасиз. Китобда иймон, садоқат вафо, сабр, ахлоқ, адолат, ҳақиқат, ҳуқуқ, бурч ва камтарлик каби инсоний тушунчалар мазмуни ва амалий ифодасини ўрганасиз.
Модомики, гап Иккинчи жаҳон уруши ҳақида борар экан, муҳим бир мантиқни эсдан чиқармаслик лозим. Агар уруш тугаган йили 1945 йилда туғилган ўғил қизларнинг ёши бугун 76 га кирган. Мабода, ўша пайтда 18 ёшида фронтга кетган йигит ёки қизнинг ёши у ҳаёт бўлса, 94 ёшда бўлади. Буни ўша пайтда энг кичик бўлган ёшга нисбатан олиб айтмоқдамиз.
Энди у пайтда ёши 24 ёки ундан катталарини тасаввур қилиб кўринг. Шунда ропа-роса 100 ёшга кирган ва ошган бўларди. Урушга кетиб тирик қайтганларнинг деярли барчаси соғлигининг бирор қисмини йўқотиб қайтган фронт ортидагилар эса ўз бахти ва оромидан воз кечиб, энг яқин одамларидан айрилиб қолишса-да фақат сабр ва шукр қилиб яшашган бу инсонлар том маънодаги қаҳрамон эмасми?
Улар ҳеч кимдан ҳеч қачон ҳеч нарса домангир бўлишмаган. Борига қаноат йўғига шукр қилган шу инсонлар барчамизга ибрат эмасми?
Сиёсат ёки давлат шакли ва мафкурасидан қатъий назар ватанни ҳимоя қилишни ўзларининг муқаддас бурчи деб билган ҳамда унга қатъий амал қилган бобо ва бувиларимиздан бугун кўп нарсаларни ўрганишимиз ёхуд улар ҳақида кўп нарсани билишимиз керакмасмикан?
Тўғри. Ўзининг матонати, хуш хулқи, иродаси боис кимдир 60, 70, 80 ёки 90 ҳатто 100 ёшида маълум маънода қадр топди. Лекин бу энг қадрли кишиси ёки азиз нарсасини сизу биз ва Ватан учун йўқотиши эвазига бўлганини улар билишади. Бироқ уни ҳеч кимга ҳеч қачон айтишмаган ва айтишмайди.
Дарҳақиқат, маърифат ақлу фаросатнинг натижасидир. Маърифат соғлом фикрлаш, ҳалол меҳнат қилиш – қаноат қилиш, инсоннинг онгу шуури ёрдамида қимматли вақтини тўғри сарфлаши ва ҳаётини мазмунли ўтказиши демак.
Шундай қилиб, маърифат – одамгарчиликнинг бош мезони, ўзингга ва ўзгаларга керак бўлиш ва нафи тегиш, ҳаётда муносиб из қолдиришдир. Шу тариқа, маърифатга йўғрилган “Ғалаба боғи фалсафаси” китобини ёшлар ўқисин, ўрта ёшлилар ва ёши улуғлар, зиёлилар, ишчилар, ўзини ўзбекман - ўзбекистонликман деганлар ўқисин. Ўқиб уқишсин. Ва унга амал қилишсин. Шунда кўпчилигимизнинг инсон – жамият – давлат ҳамда ҳуқуқ ва бурч ҳақидаги тасаввуримиз кенгаяди.
Ҳалим Бобоев,
Ўзбекистон фан арбоби, Тошкент давлат
юридик университети профессори,
юридик фанлар доктори;
Эшмуҳаммад Қодиров,
Тошкент давлат юридик университети
профессори в.б., юридик фанлар доктори
- Қўшилди: 04.06.2021
- Кўришлар: 4334
- Чоп этиш