Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Гендерга йўналтирилган сиёсат ва бюджетларни илгари суриш: Ўзбекистонда шаффоф, инклюзив ва ҳисобдор бошқарув сари” лойиҳаси расман ишга туширилди.
Шу муносабат билан бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар масъуллари, мутахассислар ҳамда экспертлар мазкур лойиҳанинг мақсад-вазифалари ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат бюджети сиёсати департаменти директори ўринбосари Шоҳрух Эшонқулов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар, “БМТ-аёллар” тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори ўринбосари Элиза Фернандес Саенс, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Сабине Маҳл ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур лойиҳанинг татбиқ этилиши нафақат гендер тенглиги сиёсатини юритишда амалий натижаларга эришиш, балки томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Таъкидлаш керакки, гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш (GRB) гендер тенглиги мақсадларини давлат сиёсати, режалаштириш, бюджетлаштириш, мониторинг қилиш, баҳолаш ва аудитга мунтазам равишда киритишни назарда тутувчи стратегик сиёсат ёндашуви ҳисобланади. Ушбу ёндашув аёллар ҳамда эркаклар ҳукумат ресурсларидан тенг фойдалана олишини таъминлаш учун ресурсларни мослаштиришга қаратилган.
–Мамлакатимиз ҳукумати 2026 йил бюджет дастурларига гендер тенглиги индикаторларини киритиш устида ҳам иш олиб бормоқда. Гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришнинг жорий этилиши орқали давлат молияси бошқарувини такомиллаштириш, жамият эҳтиёжларига мос равишда самарали ва инклюзив давлат бошқарувини таъминлаш, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадлари, айниқса, 5-мақсад гендер тенглигига эришишга хизмат қилиши кўзда тутилган. Бу жараёнда мустаҳкам институционал мажбурият, ишончли маълумотлар ва барча манфаатдор томонларнинг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу жараёнга раҳбарлик қилишга тайёр эканини билдириб, БМТ Аёллар ташкилоти, Европа Иттифоқи каби халқаро шерикларга кўрсатаётган қўллаб-қувватловлари учун миннатдорлик изҳор этади. Биргаликда Ўзбекистоннинг келажаги учун адолатли, инклюзив ва ҳисобдор давлат бошқаруви тизими яратиш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда, – деди Ш.Эшонқулов.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур лойиҳа 2025-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, у “БМТ-аёллар” тузилмаси (UN Women), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. Қиймати 150 минг еврони ташкил этган ушбу ташаббус Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилмоқда.
Лойиҳанинг умумий мақсади сиёсат ва бюджет жараёнларининг барча босқичларида гендер нуқтаи назарини тизимли ва барқарор бирлаштириш орқали аёллар ҳаётини, турмуш тарзини яхшилашдан иборат. У миллий SDG устувор мақсадларига мувофиқ гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича миллий ва халқаро мажбуриятларни амалга оширишни ривожлантиришга ёрдам беради.
– Биз Европа Иттифоқи сифатида Ўзбекистонда давлат молияси бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз. Ушбу икки йилга мўлжалланган лойиҳа мамлакатнинг миллий бюджетини шакллантириш жараёнида гендер тенглиги тамойилларини жорий этишга ёрдам беради ва молия тизимини янада мустаҳкамлайди. Ташаббуснинг муваффақияти учун сиёсий ирода ва институционал мажбурият муҳимдир. Бундан ташқари, рақамли воситалар орқали гендер индикаторлари ва мониторинг тизимларини жорий этиш фуқаролар ва манфаатдор томонларга бюджет жараёнларидаги тенглик масалаларини яхшироқ тушуниш имконини беради. Мазкур лойиҳа ва унинг иштирокчиларини қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрмиз, – деди Тойво Клаар.
Тадбирда “БМТ-аёллар” тузилмасининг Ўзбекистон бўйича вакили Жерен Гувен мазкур лойиҳа ҳақида тақдимот қилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА
- Қўшилди: 26.05.2025
- Кўришлар: 354
- Чоп этиш