Инсоннинг ҳар томонлама тенглиги – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим принциплардан биридир. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар билан эркаклар ўртасида тўлиқ тенгликка эришиш ушбу принципнинг асосий талаби ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида мамлакатимизда гендер сиёсати қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Бу йил юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш, шунингдек хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилгани ҳам биз ижтимоий, сиёсий ва тадбиркорлик соҳаларида хотин-қизларнинг ўрнини тубдан оширишга қатъий бел боғлаганимиздан далолат беради.
Хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга кенг жалб этиш йўлида
Бу ҳақда фикр юритганда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилгани хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш, аёллар ҳуқуқларини илгари суриш, улар учун имкониятларни кенгайтириш ҳамда бу борада эришилган натижаларни муносиб баҳолашда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаш лозим. Бунда вазирнинг биринчи ўринбосари айнан гендер масалалари учун жавобгар экани алоҳида диққатга лойиқ.
Бундан ташқари, бу борадаги маълумотларни тўплаш, таҳлил ва мониторинг қилиш бўйича махсус Gender.stat.uz тизимига асос солинди. Шунингдек, парламентимиз Пекин Декларацияси ва Ҳаракатлар платформасини рўёбга чиқариш ҳамда Пекин+25 ташаббуси бўйича ҳисобот тайёрлаш доирасидаги маслаҳатлашувлар ва муҳокамаларда фаол иштирок этди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ҳамда тинчлик ва хавфсизликни таъминламасдан барқарор ривожланишга эришиб бўлмаслиги билан боғлиқ ҳаётий ҳақиқатни маъқуллайди. Зеро, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ яхлит тизимнинг самарали ишлашини таъминлайдиган энг муҳим омиллардан бири тинчлик, демакдир.
Ҳаракатлар стратегиясининг устувор мақсадларидан бири мамлакат ижтимоий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш ҳамда юртимиз аёлларининг ташқи ва ички сиёсатдаги ғоят муҳим вазифаларни ҳал этиш борасидаги ваколатларини янада кенгайтиришдан иборат. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш учун “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур дастурий ҳужжатни тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар ва бошқа қонун ҳужжатларига таянилди.
Стратегия лойиҳасида гендер тенгликни таъминлашнинг асосий тамойиллари қаторида қонунийлик, демократия, очиқлик ва ошкоралик принциплари белгиланган. Ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлашга қаратилган мазкур ҳужжат тез орада жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинади.
Дунё тажрибасига кўра, гендер тенглик даврида хотин-қизларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган аниқ режали ишларни амалга ошириш жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда ҳам хотин-қизларнинг сифатли таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, қизлар тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, иш жойига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрнини топишига алоҳида аҳамият берилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилгани туфайли 2020 йилда 950 нафар қиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилингани бу фикримизни тасдиқлайди.
Яқинда Ўзбекистон Президенти илгари сурган янги ташаббус асосида олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинмоқда.
Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади. Бу мутлақо янги тизим бўлиб, давлатимиз ва жамиятимизнинг уни жорий этишга салоҳияти етарли.
Миллий статистика, режалаштириш ва бюджет таъминоти соҳаларини гендерга тааллуқли омилларни ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш ҳам яқин истиқболдаги асосий вазифалар қаторига киради. Оммавий ахборот воситаларида гендер муаммоларини кенг ва очиқ-ошкора ёритиш, бу борадаги нозик ва қалтис мавзуларнинг жамоатчилик иштирокидаги муҳокамаларини ташкил қилиш, аҳоли учун муҳим аҳамият касб этадиган экологик муҳит хавфсизлигини таъминлашга доир долзарб масалаларни ҳал этиш учун аёллар ва эркакларни тенг жалб этиш ишлари доимий эътиборда туради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ва гендер сиёсати
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йил 22 июнда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган ушбу дастурий ҳужжатда инсон ҳуқуқлари, шу жумладан гендер тенглик масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилган.
Кейинги йилларда жамиятимизда камбағаллик ҳолатлари, олий таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш имкониятига эга эмаслик, соғлик ва репродуктив саломатликни сақлаш борасидаги камчиликлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари етарлича ҳурмат қилинмаслиги, қизларга нисбатан йўл қўйиладиган айрим камситишлар ҳамда экологик хатарлар оқибатлари билан боғлиқ гендер тенглик муаммолари кўламини имкон қадар камайтиришга муваффақ бўлинди.
Бунда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда оқилона иқтисодий сиёсат олиб борилаётгани, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида гендер тенгликни назарда тутадиган янгича сиёсат ва ташаббуслар илгари сурилгани, ҳеч шубҳасиз, катта аҳамият касб этди.
Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги каби янги вазирликлар ташкил этилди. Бу, ўз навбатида, қизларни иқтидори ва имкониятига қараб таълимнинг энг қуйи босқичиданоқ тўғри йўналтириш ҳамда уларнинг таълим-тарбия олиш жараёнларини мунтазам мониторинг қилиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Пекин Ҳаракатлар платформасида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Пекин шаҳрида 1995 йили Хотин-қизларнинг тўртинчи бутунжаҳон конференцияси ўтказилганидан буён мамлакатимиз аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги таъминланган жамият барпо этиш йўлида дадил одимламоқда.
Ўзбекистон ҳукуматининг гендер тенгликка эриш мақсади Ҳаракатлар стратегиясида ва Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадларда белгилаб қўйилган. Шу асосда ўтган қисқа даврда хотин-қизлар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга ихтисослашган фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш мақсадида ўндан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан ташқари, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш билан боғлиқ мезонларни аниқлашга қаратилган 32 та гендер индикатори тасдиқланди.
Қонунчиликда белгиланган тегишли нормалар амалиётда ўз натижаларини бераётгани эвазига охирги сайловларда Ўзбекистон давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи тармоғида хотин-қизлар сони кўпайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари сафидаги аёллар сони тегишинча 32 фоиз ва 24,7 фоизга ортди.
Бугунги кунда 1 минг 400 га яқин аёллар республика ва вилоятлар, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хотин-қизларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат соҳаларида – 82 фоиз, илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида – 72 фоиз, қишлоқ хўжалигида – 45 фоиз ҳамда саноат соҳасида 38 фоизни ташкил қилмоқда.
Аммо, ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари хотин-қизларга жиддий таъсир кўрсатган. Чунки оила аъзоларига қараш билан боғлиқ ҳақ тўланмайдиган ишлар кескин кўпайиши, шунингдек мактаблар, болалар боғчалари ёпилиши, даромадлар доимий эмаслиги ва оиланинг бошқа аъзолари касалга чалиниши сабабли иш ҳажми сезиларли даражада ортгани сир эмас.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа ходимларининг аксарияти аёллар бўлганлиги сабабли касаллик юқтириш хавфи юқори ҳисобланади. Шундай хавф-хатарга қарамай, матонатли хотин-қизларимиз инсон ҳаётини қутқариб қолишдек эзгу амални садоқат билан давом эттирмоқдалар.
Афсуски, глобал пандемия гендер тенглик борасида эришилган кўп йиллик ютуқларимизни барбод қилди. Оқибатда, ҳукуматнинг доимий қўллаб-қувватлашига қарамай, юртимиз хотин-қизлари орасида камбағаллар сони ортди. Айниқса, пандемия давридаги мураккаб бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркор аёллар ва ҳунарманд хотин-қизларнинг сафи ўсишдан тўхтади. Бу каби муаммолар аста-секин ўз ечимини топиши учун саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Бош мақсад – аёлларимизнинг бахту иқболи
Айни чоғда, энг устувор мақсад инсон ҳаётини, хотин-қизларимизнинг соғлигини асраб-авайлаш, уларнинг фаровонлиги ва бахт-иқболини таъминлашдан иборат эканини унутмаслигимиз даркор.
Шу муносабат билан COVID-19 пандемияси даврида иқтисодиётни тиклаш, шунингдек аёл раҳбарларнинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш ҳамда маҳаллий, минтақавий ва миллий даражаларда коронавируснинг салбий иқтисодий оқибатларини ва мазкур пандемиянинг янада тарқалиши хавфини камайтириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлашга қаратилган қарорлар қабул қилишда хотин-қизларнинг иштирокини таъминлаш бўйича давлат иқтисодий дастурлари ва сиёсатига гендер масалаларни киритиш зарурати ортиб бормоқда.
Шунинг учун мамлакатимизда гендер сиёсатини амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди. Барча соҳаларда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш юзасидан қатор амалий ишлар қилинмоқда. Хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг изчил механизмлари жорий этилди.
Бу ҳақда фикр юритганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Сенат Раиси бошчилигида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур Кенгаш хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ комплекс масалаларни ҳал этишга масъулдир.
Ўз навбатида, Президентимизнинг тегишли қарори билан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилиши давлат ва жамоат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, оиланинг шаклланиши ва фаровонлигини таъминлашда фидокорона меҳнати билан ўз ҳиссаларини қўшаётган хотин-қизларни рағбатлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Ҳозирги кунга қадар 577 нафар аёл ушбу мукофотга сазовор бўлди.
Аёллар бандлигини таъминлаш, жумладан, жорий йилда 70 мингга яқин хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Қолаверса, аёлларимизнинг саломатлигини сақлаш бўйича долзарб вазифалар қўйилди. Йил якунига қадар 9 миллион аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Бундан ташқари, ёлғиз аёлларимиз ҳам алоҳида эътиборда бўлади. Уларнинг болаларини боғчага қабул қилиш ва тўловларини қоплаш борасида ҳам енгилликлар бўлади. Айни пайтда эҳтиёжманд аёлларимиз уй олиши учун бошланғич бадал пулини тўлаб бериш тизими мавжуд. Эндиликда бу борада қўшимча чоралар кўрилади. Ҳар бир ҳудудга 10 млрд. сўмдан маблағ ажратиш орқали уй-жойга муҳтож аёллар уй билан таъминланади.
Буларнинг барчаси аёлларимизнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ва ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлардир. Бу йўналишдаги ишларимиз, биринчидан, халқимизга манзур бўлмоқда, иккинчидан, халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.
Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўлишини таъкидлагани бунга яққол мисолдир. Қолаверса, 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи аёллари мулоқотига раислик қилиш Ўзбекистонга топширилгани ҳам мамлакатимизда гендер сиёсати тўғри йўналишлар асосида олиб борилаётгани жаҳон ҳамжамият томонидан муносиб баҳоланаётганидан далолат беради.
БМТ ва ХМТ тавсияларига таяниб
Кейинги йилларда Президентимизнинг 5 ташаббусини рўёбга чиқариш доирасидаги амалий ишлар туфайли ёшлар тарбияси ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида эришилган натижалар диққатга лойиқдир.
Ёлғон ваъдаларга алданиб, мамлакатимиздан чиқиб кетган ва қуролли можаролар бўлаётган Яқин Шарқ минтақасида оғир кунларни бошидан ўтказган фуқароларимиз, асосан аёллар ва болаларни мамлакатимизга қайтариб олиб келиш бўйича «Меҳр» операцияси доирасидаги инсонпарварлик тадбирларининг аҳамиятини алоҳида қайд этиш даркор.
Президентимиз топшириғига кўра, 2019 йилдан буён оғир шароитда қолган 260 нафардан зиёд аёллар ва болалар Тошкентга олиб келинган. Бу эзгу ишлар, бир томондан, халқимизга хос бағрикенглик ва адолатсеварлик фазилатларининг ўзига хос ифодаси бўлса, иккинчи томондан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциялар талаблари ва халқаро гуманитар ҳуқуқ принципларига риоя қилаётганининг амалий тасдиғи, учинчи томондан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш доирасидаги натижадор ишларимизга ёрқин мисолдир.
Шу билан бирга, айни соҳадаги мавжуд ҳолатдан ҳали қаноатланмаймиз. Аксинча, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, айниқса, ёрдамга муҳтож ҳамда оғир ижтимоий аҳволда яшаётган аёлларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий маслҳатлар бериш бўйича самарадор механизм барпо этишга тўсиқ бўлаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини очиқ тан оламиз.
Ҳозирги вақтда БМТ ва ХМТ шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажариш доирасида хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларининг ҳимояси кафолатларини янада кучайтириш ва одил судловдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан:
- муайян тармоқ ёки касбларда хотин-қизлар меҳнатидан фойдаланиш бўйича ўрнатилган тақиқлар бекор қилинмоқда;
- хотин-қизлар соғлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тармоқ ёки касбларнинг тавсиявий рўйхати тасдиқланмоқда;
- агар ота бола парвариши бўйича таътилнинг камида уч ойидан фойдаланган бўлса, у ҳолда ота-онадан бирига бола парвариши бўйича қўшимча бир ойлик таътил берилади ва Меҳнат кодексининг 234-моддасида ўрнатилган тартибда тегишли нафақа тўланади;
- икки ёшга тўлмаган боласини парвариш қилаётган ота-онадан бирига, иш берувчи билан келишган ҳолда, кун давомида танаффусга қачон чиқишни ўзи белгилаши ҳуқуқи берилади ва бундай имконият иш вақтидаги дам олиш, овқатланиш, шунингдек болани овқатлантириш учун ажратилган танаффуслар ҳисобига тақдим этилади;
- аёллар нафақа ёшига етган ёки қонун талабига кўра 60 ёшга кирмасдан нафақага чиқиши тақозо этилган ҳолларда, улар билан ноаниқ муддатга тузилган меҳнат шартномаси ёки қисқа муддатга тузилган ва ҳали муддати ўтмаган меҳнат шартномасининг иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиниши тақиқланади;
- аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганига оид ишларни судларда кўриб чиқишда, хотин-қизларнинг илтимосига мувофиқ, уларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат харажатлари давлат томонидан қопланади.
Миллий ҳаракатлар режасининг стратегик устувор мақсадлари
Ўзбекистонда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-Резолюциясидаги тавсиялар ижроси бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Шу ўринда мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона ички ва ташқи сиёсат халқаро ҳамжамиятнинг аёллар, тинчлик ва хавфсизлик билан боғлиқ фаолиятига уйғун ва ҳамоҳанг эканини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
БМТ Бош Ассамблеяси қайд этганидек, “тинчлик — бу шунчаки можароларсиз ҳаётнинг ўзигина эмас, балки ижобий, жўшқин ва кенг миқёсдаги дахлдорликни тақозо этадиган жараён ҳамдир”.
Ўз навбатида, ЕХҲТнинг гендер тенглик бўйича мажбуриятлари хавфсизликнинг учта устувор мезони — тинчлик, ишонч ва барқарорлик омиллари бўйича янада фаол ва изчил бажаришга кўмаклашишни тақозо этади. Бинобарин, гендер тенглик ва хавфсизлик, демократия ва фаровонлик ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Аёллар, Ўзбекистоннинг тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича Миллий ҳаракатлар режаси мамлакатимиз ҳаётидаги жорий аҳволни яхшилаш, бунинг учун янада самарадор сиёсатни қўллаш ҳамда юртимиздаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида муҳим натижалар берадиган соҳаларни қамрайди.
Миллий ҳаракатлар режасининг стратегик устувор мақсадлари қуйидагилардан иборат.
Биринчи стратегик устувор мақсад – ИШТИРОК ЭТИШ. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-Резолюцияси тинчлик, хавфсизлик ва давлат хизматига тааллуқли қарорларни қабул қилишнинг барча босқичида хотин-қизлар сиёсий иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
Ўзбекистон ҳукумати хотин-қизларнинг сиёсий иштирокига устувор даражада аҳамият беради ва бундай иштирокни Миллий ҳаракатлар режасининг қуйидаги 5 та бандидаги қоидалар асосида таъминлашга интилади:
биринчи банд: давлат хизмати ва ижро этувчи ҳокимият даражасида қарорлар қабул қилишда хотин-қизлар иштирокининг самарадорлигини ошириш;
иккинчи банд: хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларида ва кучишлатар тузилмаларда фаол ва самарали иштирок этишига эришиш;
учинчи банд: хотин-қизларнинг тинчлик жараёнида самарали иштирокини таъминлаш;
тўртинчи банд: тинчлик ва хавфсизлик соҳасидаги стратегия ҳамда сиёсатни ишлаб чиқишда хотин-қизларнинг амалий иштирокини рағбатлантириш;
бешинчи банд: хотин-қизларнинг сайловлардаги фаоллигини кучайтириш.
Иккинчи стратегик устувор мақсад – ҲИМОЯ. Можаро ичида яшаётган ва низоларни бошидан ўтказган жамиятларда хотин-қизлар аҳолининг энг заиф қатлами ҳисобланади. Шу боис улар шафқатсиз муомала, қўрқитиш, зўрлаш, одам савдоси ва мажбурий никоҳга ундаш каби турли хил зўравонликларга дучор бўлади.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-Резолюциясида можаро ичида яшаётган ва низоларни бошидан ўтказган жамиятларда хотин-қизлар, айниқса, шаҳвоний зўравонлик олдида ожиз экани эътироф этилган ва уларни ҳимоя қилиш зарурлиги таъкидланган.
Ўзбекистон айни шу муаммо мамлакатда ҳам мавжудлигини тан олган ҳолда, Миллий ҳаракатлар режасининг қуйидаги 6 та бандидаги қоидалар асосида хотин-қизлар ҳимоясини таъминлашга ҳаракат қилади:
биринчи банд: амалдаги қонунларга риоя этиш, уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш ва тегишли қонунларга ўзгартиришлар киритиш ҳамда янги қонунлар ва сиёсатни ишлаб чиқиш орқали хотин-қизларни барча шакллардаги зўравонлик ва камситишлардан ҳимоя қилиш;
иккинчи банд: қонунларда, сиёсатда ва институционал ислоҳотларда гендер тенглик масаласини ҳисобга олиш йўли билан хотин-қизлар ҳуқуқларини илгари суриш;
учинчи банд: хотин-қизларнинг суд тизимида самарали иштирок этиши ҳисобига улар одил судловдан фойдалана олишлари учун мақбул шароитларни яратиш;
тўртинчи банд: хотин-қизларнинг хабардорлигини ошириш ва жамоатчилик билан иш олиб бориш орқали уларни барча шакллардаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш;
бешинчи банд: зўравонликни бошидан кечирган хотин-қизлар Ўзбекистоннинг ҳар қандай ҳудудида тиббий, руҳий ва ижтимоий хизматлар кўмагидан бемалол фойдалана олишига эришиш;
олтинчи банд: хотин-қизларни шаҳвоний зўравонликдан ҳимоя қилишни таъминлаш учун алоҳида чоралар кўрилади.
Учинчи стратегик устувор мақсад – ПРОФИЛАКТИКА. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-Резолюциясида хотин-қизларга нисбатан шафқатсиз муомалага йўл қўйилишидан аввалроқ бунинг олдини олиш ёки барвақтроқ алоҳида чоралар кўриш муҳим экани қайд этилган.
Миллий ҳаракатлар режасининг қуйидаги 6 та бандидаги қоидалар асосида ушбу муаммога қарши самарали кураш олиб борилади:
биринчи банд: хотин-қизларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш;
иккинчи банд: хотин-қизларга нисбатан зўравонликлар учун жазоланмаслик маданиятсизлигига барҳам бериш;
учинчи банд: хавфсизлик сектори ва суд тизимида хотин-қизларнинг ролини кучайтириш;
тўртинчи банд: хавфсизлик ва одил судлов соҳаларида гендер ислоҳотини амалга ошириш;
бешинчи банд: хотин-қизларга нисбатан барча турдаги зўравонликларга қарши курашга эркаклар ва йигитларни жалб этиш;
олтинчи банд: хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқларидан хабардорлигини ошириш ва уларга ушбу ҳуқуқлар шафқатсиз муомаланинг олдини олиш ва низоларга барҳам беришда муҳим ўрин тутишини тушунтириш.
Тўртинчи стратегик устувор мақсад – РЕАБИЛИТАЦИЯ. Можаро ичида яшаётган ва низоларни бошидан ўтказган жамиятларда хотин-қизлар учун молиялаштиришнинг мавжуд эмаслиги, ўз навбатида, уларнинг таълим олиш ва тиббий хизматдан фойдаланишга доир ҳуқуқларини таъминлашда жиддий тўсиқларни юзага келтиради.
Шу боис БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-Резолюциясида бу борада молиялаштириш, иқтисодий ривожлантириш чораларини кўриш, шунингдек реабилитация қилишга кўмаклашиш зарурлигига эътибор қаратилган. Шунингдек, 1325-Резолюцияда ёрдам ва хизматларни тақсимлаш механизмлари хотин-қизлар учун қулай, жумладан, уларнинг аниқ талаб-эҳтиёжларига мос бўлиши зарурлиги билан боғлиқ талаблар белгиланган.
Ўзбекистон можаро ичида яшаётган ва низоларни бошидан ўтказган жамиятларга мансуб ҳамда шафқатсиз муомалага дучор бўлган хотин-қизлар ўз ҳаётини йўлга қўйиб олишлари учун Миллий ҳаракатлар режасининг қуйидаги 3 та бандидаги қоидалар асосида ёрдам ва хизматлар тақдим этади:
биринчи банд: можаро, шафқатсиз муомала ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш;
иккинчи банд: қишлоқ аёлларини ишга жойлаштириш имкониятларини кенгайтириш ҳисобига уларнинг иқтисодий хавфсизлигини ошириш;
учинчи банд: ёрдам кўрсатиш ва тиклаш дастурларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ҳамда натижадорлигини баҳолашда хотин-қизларнинг ижтимоий ва иқтисодий талаб-эҳтиёжлари ҳисобга олинади.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга кенг жалб этиш йўналишидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Бундан буён Ўзбекистонда биронта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди".
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
("Ишонч" газетаси, 2021 йил 25 март)
- Қўшилди: 25.03.2021
- Кўришлар: 4710
- Чоп этиш