Ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар халқчил сиёсатнинг амалий ифодаси

Муносабат

Мамлакатимизда “инсон – жамият – давлат” тамойили конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиёт даражасида мустаҳкамланган. Шу боис, охирги етти-саккиз йилда ижтимоий давлатнинг асосий талаблари амалда тўлиқ қўлланилмоқда.

Хусусан, ижтимоий давлат сифатида сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш,  хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ислоҳотларни аҳолимиз кундалик турмуш тарзида ҳис қилиб яшамоқда.

Буни биргина тиббиёт ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги етти-саккиз йилда тиббиёт ва таълимга ажратилаётган маблағлар 6-7 карра оширилди. Маҳалладаги бирламчи бўғин билан ихтисослашган хизматларни боғлайдиган комплекс тизим яратилди. Илгари фақат пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологик амалиёт вилоят ва туманларда ўтказилмоқда. Биргина буйрак кўчириш билан боғлиқ амалиёт ҳудудларда бажарилмоқда. Олдинлари ушбу амалиёт учун фуқаролар вақти ва маблағини тежаб пойтахтга келишга, ёки хорижий давлатга бориб даволанишга мажбур бўлар эди. 

Шунингдек, мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўқувчи ўринлари яратилди. Боғча билан қамров 3 карра ошиб, 78 фоизга етди. Малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устамалар жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош олаяпти. Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашди.

Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар фарзандлари таълимига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар йили 2 минг нафар хотин-қизнинг олий таълим олишдаги харажатлари қоплаб берилмоқда. Яқин- яқингача имконияти чекланган болаларнинг аксарияти ижтимоий муҳитдан ажралган ҳолда таълим олар эди. Президентимиз ташаббуси сабаб уларнинг умумтаълим мактабларига қатнаши учун ҳам тўсиқсиз муҳит ва зарур шароитлар яратилди.

Даромади ва соғлиғини йўқотиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш кўлами босқичма-босқич кенгайтирилиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш учун ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўлами кенгайтирилмоқда.

Яна бир муҳим ўзгариш бу аҳоли иқтисодий имкониятининг ошганлигидир. Бундан беш йил аввал 23 фоиз ёки 7,5 миллион нафар аҳолимиз даромади камбағаллик чегарасига ҳам етмас эди. Ўтган даврда 3,5 миллион фуқаро учун даромад олиш имконияти яратилиб, камбағалликни 11 фоизга туширишга эришдик. Келгуси уч йилда уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.

Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида жорий йил бюджетдан 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Яна бир янгилик – йил бошидан буён ижтимоий хизмат, ёрдамлар ва имтиёзларни ўзида мужассам этадиган ягона “Ижтимоий карта” тизими босқичма-босқич жорий қилинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бугун конституциявий норма сифатида мустаҳкамланган “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили ҳар жабҳада акс этиб бормоқда. Юқоридаги мисолларга қўшимча равишда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлиги бор шахслар ва кекса авлод вакиллари ҳуқуқларини ишончли муҳофаза қилиш, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори белгиланиши каби ўзгаришлар шулар жумласидандир.

Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш сиёсатини давом эттириш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида куни кеча “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат аҳолимизнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, ижтимоий тенгликни таъминлаш ва даромадлар орасидаги тафовутни камайтиришга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.

Фармон билан 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилиши белгиланди. Ушбу ташаббус аҳолининг катта қисми учун нафақат озиқ-овқат, балки дори-дармон, коммунал тўловларга ҳам ёрдам бўлади.

Хусусан, болалар нафақаси миқдорининг ошиши оила бюджетига сезиларли енгиллик олиб келади. Масалан, уч нафар фарзанди бор оила ойига камида 740 000 сўм нафақа олади. Стипендия билан кун кечираётган талабалар учун китоб, транспорт, овқат ва бошқа эҳтиёжлар учун қўшимча маблағ пайдо бўлади.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Меҳнат, соғлиқни сақлаш

ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech