Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш, уларни рўйхатга олиш – сайлов кампаниясининг муҳим жараёнларидандир. Бу жараённи қонуний, адолатли, холис ва юқори савияда ташкил этиш, ўз навбатида, сайловчиларнинг муносиб номзодларни танлаб овоз беришлари учун хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эгадир.
Кодекснинг 9-моддасига кўра сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, қоида тариқасида, 10 фоиздан ошмаслиги керак. Аввалги қонунларда бу миқдорнинг чегаралари белгиланмаган эди.
Яна бир янгилик: эндиликда мазкур Кодекснинг 10-моддаси билан Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузилади.
Сайлов қонунчилигига оид шу каби янгиликлар жорий йилнинг 25 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан ўтказилган ўқув машғулотида алоҳида таъкидланди. Тренинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 150 та округ сайлов комиссияси раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари раислари ва котиблари учун ташкил этилди.
Ўқув семинарини ўтказишдан кўзланган мақсад – жорий йил 22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга юқори савияда тайёргарлик кўришдан иборат. Бунда иштирокчиларнинг сайловни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ билим ва кўнималари ҳамда амалий тажрибаларини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Тренинг округ сайлов комиссиялари раисларига гувоҳномаларни тантанали топшириш маросими билан бошланди. Шунданг сўнг Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти, котибият аъзолари ва соҳа мутахассисларининг сайлов қонунчилиги ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, уларни амалиётда қўллаш тартибига оид маърузалари тингланди.
Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари 9-11 нафар таркибда сайловга камида 70 кун қолганида Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади. Округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тавсия этилади.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланади.
Йиғилишда, шунингдек, участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, сайлов комиссиялари фаолиятини молиялаштириш, Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан фойдаланиш тартиби, сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш, халқаро ва хорижий кузатувчилар билан ишлаш хусусиятлари каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Севара Ишмуратова,
журналист
- Қўшилди: 26.10.2019
- Кўришлар: 5436
- Чоп этиш