Жаҳон савдо ташкилоти гендер тенглигини қандай қўллаб-қувватлаяпти?

Гендер тенглиги - бу жамиятда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқ, имконият ва масъулиятларга эга бўлиши демакдир. Ушбу тамойил фақат қонуний жиҳатдан эмас, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида, яъни таълим, меҳнат бозори, сиёсий фаоллик ва оилавий муносабатларда ҳам бирдек имкониятларни таъминлашни назарда тутади.

Гендер тенглиги таъминланган жамиятлар адолатли, инклюзив ва барқарор ривожланишга эришади. Шу боис, бугунги глобал жараёнларда гендер тенглиги фақат ижтимоий муаммо эмас, балки иқтисодий ўсиш ва инсон капиталини ривожлантиришнинг асосий омили сифатида қаралмоқда.

Хўш, Жаҳон савдо ташкилоти учун гендер тенглиги бўйича алоҳида мажбурий талаблар ва қоидалар мавжудми?

Бу саволга Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Регина Давидова қуйидагича жавоб берди:

–Ҳозирги пайтда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) учун гендер тенглиги бўйича алоҳида мажбурий талаблар ва қоидалар йўқ. Аммо ташкилот қатор халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, вендорлар ўртасида тенгликни мустаҳкамлашга ёрдам бериб келмоқда.

Шундай муҳим ташаббуслардан бири - Буэнос-Айрес декларацияси бўлиб, унга 120 дан ортиқ давлат қўшилган. Бу декларация мажбурий ҳужжат ҳисобланмаса-да, у аёллар имкониятларини кенгайтириш, хусусан, уларнинг халқаро савдода иштироки орқали уларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Декларация доирасида мамлакатлар маълумотларни йиғиш ва тажриба алмашиш мажбуриятларини олган.

Шунингдек, ЖСТнинг “Aid for Trade” дастури ривожланаётган мамлакатларга техник ёрдам кўрсатишда гендер жиҳатларини инобатга олади. Айниқса, ушбу дастур аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг рақамли технологиялар бозорига чиқиш имкониятларини оширишда долзарб аҳамиятга эга.

ЖСТ доирасида гендер тенглиги масалалари тегишли профиль қўмиталарида муҳокама қилинади. Уларда мамлакатлар миллий амалиётлар, шунингдек, аёллар савдода дуч келаётган тўсиқлар ҳақида фикр алмашади. Бундан ташқари, ЖСТ гендер тенглигини икки томонлама келишувлар орқали қўллаб-қувватлайди. Масалан, Канада ва Чили ўртасида тузилган битим аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида бобларни ўз ичига олган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ЖСТ меъёрий-ҳуқуқий базасида тўғридан-тўғри мажбуриятлар назарда тутилмаган бўлса-да, ташкилот аёллар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва эркаклар ҳамда аёллар ўртасида тенгликни таъминлаш борасида фаол ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистонда эса гендер тенглигини таъминлаш борасида сўнгги йилларда жиддий қадамлар ташланди. 2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  қонунлар қабул қилиниб, бу соҳадаги давлат сиёсатининг ҳуқуқий асоси яратилди. 

Ҳозирда ушбу қонунлар асосида вазирлик ва идораларда гендер экспертизаси ўтказилмоқда. Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан барча давлат органлари учун гендер экспертизаси бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилган. Шунингдек, 300 дан ортиқ ҳужжатни қайта кўриб чиқиш режалаштирилган.

Муҳими, экспертиза фақат янги лойиҳалар билан чекланиб қолмайди, балки амалдаги ҳужжатлардаги дискриминацион нормаларни ҳам аниқлаш ва бартараф этишни назарда тутади. Қонунчиликка “гендер аудити” тушунчаси киритилиб, давлат органлари ва ташкилотларида эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар, кадрлар сиёсати, меҳнат шартлари қандай таъминланаётгани баҳоланмоқда.

Бу қонунчиликни такомиллаштиришда муҳим қадам бўлиб, унинг самараси халқаро рейтингларда ҳам акс этмоқда. Масалан, Жаҳон банкининг 2024 йилги “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида Ўзбекистон 11,9 баллга ўсишга эришди. Бу эса мамлакатда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижа бераётганини кўрсатади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истар эдимки, Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги “ACWA Power” компанияси ҳам шу каби муҳим ташаббус билан чиқиш қилмоқда. Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Рақамли энергетика даврида аёллар етакчилиги: ҳуқуқий, бизнес ва инсоний истиқболлар” мавзусидаги тадбирларда мамлакатимиздаги фаол ва ташаббускор аёлларни жамлаш қувонарли ҳол. Бу каби мулоқотлар давомида мавжуд муаммоларга ечим топиш, янги таклиф ва ғоялар илгари суриш имкони яратилади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech