Ҳар бир миллатнинг фахру ифтихорига айланган буюк ва афсонавий шахслари бўлади. Улуғ жаҳонгир бобомиз Амир Темур ана шундай миллатимизнинг фахрига айланган бетимсол сиймодир.
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 689 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар, анжуманлар, олимлар иштирокида мулоқотлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Анъанага кўра, пойтахтимизнинг Амир Темур номи билан аталувчи сўлим ва файзли хиёбонида ҳам жаҳонгир бобомизнинг қутлуғ таваллуд санасига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг ходимлари, ёзувчи ва шоирлар, ҳарбийлар, маданият ва санъат намояндалари, олим ва тадқиқотчилар, талаба-ёшлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, чет эллик меҳмонлар иштирок этди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али мамлакатимизда тарихимизни чуқур ва мукаммал ўрганиш, айниқса, улуғ Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даври билан боғлиқ ўтмиш саҳифаларига эътиборни янада кучайтириш, бу борада республикамиз ва хориждаги илмий манбаларга мурожаат этишга оид эзгу ишлар қамрови янада кенгайганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Амир Темур ҳаёти, фаолиятидаги энг ибратли жиҳатлар унинг табаррук номини жаҳон тарихининг энг ёрқин саҳифаларига олиб чиқди. Шу сабабли унинг номи дунёда чуқур ҳурмат, улкан эҳтиром билан эътироф этилади.
Ҳозирда АҚШ фуқароси бўлган афғонистонлик олим, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори, тилшунос, адабиётшунос ва публицист Азизулло Орол жаҳонгир Амир Темур ва темурийлар мероси хусусида сўз юритди.
– Улуғ зот Амир Темурни бир пайтлар ўз миллатидан узоқлаштиришга, унинг ҳаёти, ўтмишини сохталаштиришга интилишдан тортинмадилар, – деди Азизулло Орол. – Мустақиллик йилларида Амир Темурнинг пок номини қайта тиклашга эришилди. Янги Ўзбекистонда буюк алломалар, жаҳонгир боболаримиз тарихини, ибратли фаолияти ва ҳаётини, эзгу шиорлари ва амалларини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Амир Темур ўз ҳаёти давомида риоя этган бунёдкорлик, ижтимоий адолат, ростгўйлик каби тамойиллар, унинг “Куч – адолатда” деган эзгу шиори бугун Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган эзгу ислоҳотларда ўз ифодасини топмоқда.
Тантанали тадбирда халқаро ҳарбий спорт мусобақалари ғолиблари, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Алишоҳ Абдуллаев, Шоҳруҳ Жовқочев АҚШда ҳарбий хизмат бўйича ўтказилган халқаро мусобақада эришган ютуқлари, ушбу муваффақиятлар замирида мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар учун яратилган шароитлар мужассам эканини алоҳида қайд этди.
Атоқли шоира, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова Соҳибқирон Амир Темурга бағишлаб ёзган янги шеърини ўқиб берди.
Шахмат бўйича ўзбек аёллари ўртасида биринчи гроссмейстер Нафиса Мўминова Соҳибқирон Амир Темур ва шахмат мавзусида, шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар учун шахматни оммалаштиришга қаратилаётган эътибор, бу борадаги кенг қамровли ишларнинг амалий натижалари хусусида батафсил сўзлади.
Маълумки, Соҳибқироннинг дипломатик салоҳияти алоҳида тарихий мавзуга асосдир. Амир Темур ҳузурига ташриф буюрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо бу ҳақда ўз қайдномаларида чуқур эҳтиром билан фикр билдирган. Соҳибқирон ҳузурига келган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо монологини ёш истеъдод соҳиблари тантанали тадбирда ўқиди.
Мудофаа вазирлиги тизимидаги “Фахрий қоровул” бўлинмаси ҳамда жанговар гуруҳнинг кўргазмали чиқишлари намойиш қилинди.
Устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Армия ва тарбия” шеъри асосидаги ҳарбий ватанпарварлик қўшиғи Мудофаа вазирлиги Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилди.
Жаҳонгир Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.
Улуғ Соҳибқирон таваллудига бағишланган тантаналар пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейидаги йирик халқаро анжуманда, шунингдек, ўқувчилар учун экскурсиялар, ижодий танлов ва викториналар билан давом этди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров(суратлар), ЎзА
- Қўшилди: 09.04.2025
- Кўришлар: 455
- Чоп этиш