Жорж Вашингтон университетида Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича стратегияси муҳокама қилинди

Америка Қўшма Штатлари Жорж Вашингтон университети ҳузуридаги Марказий Осиё дастури доирасида мамлакатимизнинг Афғонистонга нисбатан шаклланаётган стратегиясига бағишланган экспертлар давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Марказий Осиё ва Афғонистон масалаларига ихтисослашган етакчи мутахассислар, профессор-ўқитувчилар, аспирантлар ҳамда талабалар иштирок этди.

Учрашув давомида Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов давлатимизнинг айни мавзуга прагматик ҳамкорлик, инсон манфаатига йўналтирилган тараққиёт ҳамда трансмиллий инфратузилма интеграцияси тамойили асосидаги ёндашуви ҳақида сўз юритди. Таъкидланишича, Ўзбекистон Афғонистонни алоҳида геосиёсий ҳудуд эмас, балки яқин қўшни, ўз келажагининг ажралмас қисми сифатида кўради.

Экспертлар Трансафғон темир йўли, Сурхон – Пули-Хумри юқори кучланишли электр узатиш тармоғи ва ТАПИ газ қувури каби асосий инфратузилма лойиҳаларини муҳокама қилдилар. Ушбу лойиҳалар қўшни юртнинг иқтисодий барқарорлигини ошириб, минтақавий ва глобал иқтисодий жараёнга чуқурроқ интеграциялашувига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Республикамиз томонидан Афғонистонга кўрсатилаётган кўмак – мунтазам гуманитар ёрдам етказиб бериш, савдо, таълим ва ижтимоий реинтеграцияни ривожлантириш ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди. 2024 йил Термиз шаҳрида очилган эркин иқтисодий зона ўн минглаб, жумладан Афғонистон фуқароларини қабул қилаётганига урғу берилди.

Тадбир якунида Ўзбекистоннинг Афғонистонни минтақавий жараёнларга жалб этиш стратегияси барқарор тинчлик ва тараққиёт учун намуна бўлиши мумкинлиги эътироф этилди. Айни йўналишда мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлик билдирилди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech