Кибержиноятларга қарши курашишда ҳуқуқий, институционал ва стратегик ёндашув қандай бўлиши керак?

Технологик тараққиёт билан бирга замонавий таҳдидлар, хусусан, кибержиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Айниқса, молиявий ва ахборот тизимлари рақамлашган сари уларнинг заиф нуқталари ҳам кўпаймоқда. Бу эса, давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солаётган жиддий муаммолардан биридир.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори миллий киберхавфсизлик тизимини мустаҳкамлашда муҳим стратегик қадам бўлди. 

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Қаҳрамон Мирсафоев ушбу мавзуга оид фикрлари билан ўртоқлашди: 

– Президент қарорида назарда тутилган муҳим ва устувор вазифалардан бири мамлакатда кибержиноятларга қарши ягона мувофиқлаштирувчи орган сифатида Ички ишлар вазирлигининг белгиланиши бўлди. Бу ташкилотлараро тизимли ҳамкорлик ва масъулиятни оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, банклар, тўлов тизими операторлари ва ташкилотлари фаолиятида фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш ва молиявий хавфсизликни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланиши замонавий киберхавфлар шароитида жуда муҳимдир. 

Бугунги кунда мазкур ташкилотлар ва давлат идоралари ўртасидаги ахборот алмашинуви паст даражада бўлиб, кўп ҳолларда киберҳужумларга жавоб беришда кечикишларга олиб келмоқда. Шу боис, ягона мувофиқлаштирувчи орган шакллантирилиши нафақат оперативликни оширади, балки миллий киберхавфсизлик сиёсатида ягона стандарт ва ёндашувларни жорий этиш имконини ҳам беради.

Қарорда алоҳида эътибор берилган яна бир жиҳат – “Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш. Ҳозирги кунда мамлакатимизда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари тарқоқ ҳолда, турли норматив-ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда. Ҳолбуки, кибержиноятчилик ўз моҳиятига кўра, трансҳудудий, кўп қиррали ва юқори технологияли бўлгани боис, унинг олдини олиш ва жавобгарлик механизмлари ҳам мукаммал, аниқ ва қатъий бўлиши лозим.

Шу билан бирга, ўз номидаги банк картаси, ҳисоб-рақами, SIM картаси ҳамда электрон ҳамёни (электрон аккаунт)дан фойдаланишга йўл қўйган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши кибержиноятчилик инфратузилмасининг узвий қисмига айланган ноқонуний шерикликни чеклашга қаратилган муҳим ташаббусдир. Бу билан ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этган шахс ёрдамчиларини аниқлаш ва жавобгарликка тортиш орқали профилактик таъсирни ошириш мумкин.

Бундан ташқари, банклар, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотлари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмагани натижасида содир этилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартибини жорий этиш назарда тутилган. 

Бундай ҳуқуқий механизмни жорий этиш, аввало, ахборот хавфсизлигига жиддий муносабатни рағбатлантиради. Агар ташкилот ўзининг ички тизимларида хавфсизлик чораларини кўришга масъул эканини ва етарлича ҳимоя воситаларини жорий этмаслик оқибатида моддий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини билса, у ҳолда хавфсизликка йўналтирилган сармоя ва ташкилий чора-тадбирларнинг аҳамияти ортиб боради. Бу ҳолат ташкилотларни хавф таҳлили, кибераудит ва хавфсизлик сиёсати каби долзарб йўналишларда фаол ҳаракат қилишга мажбур қилади.

Ушбу ёндашув фуқаролар ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Кибержиноят оқибатида шахсий маълумотлар ўғирланиши, молиявий йўқотишлар ёки шахсий активларга таҳдид юзага келганда, зарар кўрувчи томон ушбу моддий йўқотишларни айбдор ташкилот ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга бўлиши адолат ва қонун устуворлигини таъминлайди. Бу эса, жамиятда ахборот хавфсизлигига оид ҳуқуқий маданиятни шакллантиради.

Қонунчилик нуқтаи назаридан, мазкур тартиб рақамли фаолият соҳасида институционал жавобгарликни белгилаш, суд амалиётида янги ҳуқуқий амалиётни вужудга келтириш ҳамда киберхавфсизлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади. Бу турдаги нормалар миллий қонунчиликни халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришда ҳам муҳим қадам ҳисобланади.

Ахборот технологиялари соҳасида содир этиладиган жиноятлар учун жиноят қонунчилигида белгиланган жазо чораларини кучайтириш ҳамда бундай технологиялардан фойдаланиш ҳолатини жавобгарликни ва жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилиши қарорда кўрсатилган. 

Мазкур масалалар ҳуқуқшунослар, киберхавфсизлик мутахассислари ва қонун ижодкорлари учун кенг қамровли таҳлилни талаб этадиган мураккаб ҳуқуқий-ижтимоий жараён бўлиб, ушбу йўналишда ҳуқуқий ёндашувлар, халқаро тажриба, инсон ҳуқуқлари кафолатлари, замонавий таҳдидлар ва жамиятдаги ижтимоий адолат тамойиллари ўртасидаги мувозанат мустаҳкам илмий таҳлилга асосланиши лозим.

Ахборот технологиялари соҳасида содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш масаласи нафақат жазони оғирлаштириш, балки ушбу соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, жазо чораларининг самарадорлигини ошириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ушбу тоифадаги жиноятларга қарши самарали фаолият юритишини таъминлашга қаратилган.

Жиноят кодексининг ХХ бобида айнан ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган. Айрим жиноятларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғида содир этилиши ҳолатлари назарда тутилган бўлса-да, уларда белгиланган айрим жазо чоралари ахборот технологиялари орқали содир этилаётган кибержиноятлар натижасида етказилаётган зарарларга мутаносиб эмас.

Шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этишни жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилашдир. Бу ҳуқуқий норманинг назарий асоси шундан иборатки, жиноятнинг содир этиш усули, унда қўлланилган восита ва услуб унинг хавф даражасини белгилайди. Ахборот технологияларидан фойдаланиш жиноятнинг қасддан, режали, ўз оқибатлари кенг қамровли бўлган ҳолда содир этилганлигини кўрсатади. Масалан, анъанавий шахсий фирибгарликдан фарқли ўлароқ, фишинг орқали юзлаб шахсларнинг маълумотларини ўзлаштириш, блокчейнда криптоактивлар орқали ноқонуний маблағ айланмасини юритиш ёки бир неча давлат фуқароларини қамраб олган молиявий пирамида ташкил этиш – бу жиноятларнинг ижтимоий хавф даражасини сезиларли даражада оширади. Шунинг учун, ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳолати ҳуқуқий нуқтаи назардан жиноятнинг хатарли шаклда содир этилишини англатади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, жиноят ҳуқуқи тизимида жазони оғирлаштириш ва махсус жавобгарлик шаклларини жорий қилиш инсон ҳуқуқлари ва адолат тамойилларига зид келмаслиги лозим. Бунда “ҳар қандай жиноят учун кураш” шиори остида мутаносиблик, айб ва жазо ўртасидаги ҳуқуқий мувозанат бузилмаслиги, жиноятни амалга ошириш даражаси, шахснинг жамият учун хавфлилик даражаси ва айбдорлик шакли инобатга олиниши шарт. Шу маънода, ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳолатини оғирлаштирувчи омил сифатида белгилаш – жавобгарликни индивидуаллаштириш ва адолатли жамият қуришда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Президент қарорида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, қонунчиликда қатъий, аниқ ва самарали жазо турлари ҳамда жавобгарлик механизмларининг кучайтирилишига замин яратади. Ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳолатининг оғирлаштирувчи омил сифатида ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилиши – жамият хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий барқарорликка эришиш ва мавжуд қонунчиликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech