Вакиллар палатаси аъзоси Жейк Аучинклосс фикрича, АҚШ таълим соҳасидаги муаммоларига кўпроқ эътибор қаратиши керак. Сабаби, америкалик талабалар аниқ ва табиий фанларда билим даражаси бўйича хитойлик тенгдошларидан сезиларли даражада ортда қолмоқда.
- Хитойда 1,3 миллиард одам бор (Хитой Халқ Республикаси Миллий статистика бюроси маълумотига кўра, 2024 йил ушбу мамлакат аҳолиси 1,4 миллиард кишини ташкил қилган - таҳририят), - деди ноиб “Fox News” телеканалига берган интервьюсида. - Чин юртидаги ҳамма талабалар математика ва табиий фанлардан юқори баҳо олади. Америкадаги 25 миллион ўқувчи ўқиш, ёзиш ва арифметика бўйича улардан орқада. Шундай экан, биз ўқувчиларимиз ҳақида кўпроқ қайғуришимиз керак.
Конгрессмен маъмуриятнинг Хитойдан келган талабалар учун визани бекор қилиш қарорини танқид қилди:
- Чет эллик талабаларни камситиш мафкуравий хилма-хиллик ифодаси эмас, деб ўйлайман. Энг кучли хитойлик талабалар қабул қилинса, уларнинг Америка ё Хитойда тадқиқот олиб бориши масаласида танлов бор. Масалан, мен улар Америкада изланишлари тарафдориман. Биз Хитойга қайтариб юборган ёшлар саратонга даво топадилар, янги ракета тизимини ишлаб чиқадилар.
Ўз навбатида Хитой ҳукумати АҚШга ХХРдан борган айрим талабалар учун виза бекор қилиниши кутилаётгани муносабати билан қаттиқ норозилик билдирди ва Америка ҳукуматига жиддий мазмунда баёнот йўллади. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг таъкидлашича, Вашингтон мафкуравий сабабга кўра, айни чора билан миллий хавфсизликни таъминлаймиз, деган баҳона дорасида ҳаракат қилмоқда. Бундай қарор асоссиз, дейди у.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 03.06.2025
- Кўришлар: 788
- Чоп этиш