Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ишини янгича тизим асосида ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Буни амалда жорий этиш мақсадида жорий йил 21 апрелда давлатимиз раҳбарининг "Коррупцияга қарши курашишда давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари мустақиллиги ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тухташева мазкур қарорнинг муҳим жиҳатлари ҳақида маълумот берди:
– Қарор билан давлат органлари ва ташкилотлари, устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларини ташкил этишнинг минимал мезонлари тасдиқланди.
Унга кўра, ҳудудий тузилмалар ва таркибий ташкилотлар мавжуд бўлмаган давлат ташкилотларининг марказий аппарати штат бирлиги сони 150 тагача бўлса, 1 нафар масъул ходим; 150-400 гача бўлса, марказий аппаратда 2 нафар ходимдан иборат бўлинма; 400 ва ундан ортиқ бўлса, марказий аппаратда 3 нафар ходимдан иборат бўлинма фаолият юритади.
Ҳудудий тузилмалар ва таркибий ташкилотлар мавжуд бўлган давлат ташкилотларининг марказий аппарати штат бирлиги сони 150 тагача бўлса, марказий аппаратда 2 нафар ходимдан иборат бўлинма, ҳар бир ҳудудий тузилма ва таркибий ташкилотларда 1 нафардан масъул ходим; 150-400 гача бўлса, марказий аппаратда 3 нафар ходимдан иборат бўлинма, ҳар бир ҳудудий тузилма ва таркибий ташкилотларда 1 нафардан масъул ходим; 400 ва ундан ортиқ бўлса, марказий аппаратда 4 нафар ходимдан иборат бўлинма, ҳар бир ҳудудий тузилма ва таркибий ташкилотларда 1 нафардан масъул ходим фаолият олиб боради.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг белгиланган умумий сони ва ажратилган маблағлар доирасида ўзларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари учун ушбу минимал мезонларда назарда тутилганидан кўпроқ штат бирликларини белгилаши мумкин. Бунда, белгиланган масъул ходимлар штат бирликлари сони 7 ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда бошқарма, 2 ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда бўлим ташкил этилади.
2027 йил 1 январгача Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекнефтгаз” ҳамда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятларининг (эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари тайинланади.
Мазкур назорат бўлинмалари раҳбарлари бевосита Агентликка бўйсунади. Ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш Агентлик ҳамда эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар томонидан биргаликда амалга оширилади.
Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш, уларнинг ходимларини стажировка ва аттестациядан ўтказиш ҳамда малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.
Илк марта лавозимга тайинланган давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг раҳбарлари ва ходимлари – Агентликда, ҳудудий бўлинма ва таркибий ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашишга масъул ходимлари – давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларида икки ҳафталик стажировка ўтайди.
Агентлик томонидан улар учун ҳар йили қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади. Ҳар уч йилда аттестациядан ўтказилиши таъминланади.
2025 йил 1 июлга қадар “E-anticor.uz” электрон платформасида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестрини юритиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинган ишлар ҳақидаги ҳисоботни электрон шаклда тақдим этиш, аноним сўровномалар ўтказиб, натижаларини жамоатчиликка эълон қилиш имконини берувчи электрон модул ишга туширилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 23.04.2025
- Кўришлар: 311
- Чоп этиш