Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви томонидан кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг IT кўникмаларини шакллантириш, билимларини ривожлантириш ва тажрибаларини баҳолаш мақсадида “Ёш дастурчи-2025” кўрик-танлови ташкил этилди.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган танловнинг ҳудудий босқичида 100 нафар ёшлар иштирок этиб, улардан Республика босқичига 10 нафари саралаб олинди.
—Ушбу кўрик-танловни ўтказишдан мақсад кўзи ожизлар ўртасида IT йўналиши, рақамли технологияларни тарғиб этиш, уларнинг соғлом тенгдошлари қатори умумжамиятга интеграциялашувини таъминлашдан иборат, — дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев. — Мақсадимиз овозли дастурлардан фойдаланган ҳолда кўзи ожиз инсонлар ҳам соғлом инсонлар қатори ахборот технологияларини барча соҳаларда қўллаш имкониятига эга эканини кўрсатишдан иборат.
Танлов давомида IT соҳасида муваффақиятли фаолият кўрсатаётган, олий ўқув юртларида, аспирантура, докторантураларда ўқиб, илмий иш қилаётган, айниқса, ўзлари каби инсонлар учун керакли дастурларни яратаётган кўзи ожиз дастурчилар аниқланди.
Танлов якунига кўра, 3-ўрин Хоразм вилоятидан Ф.Жуманазаровга, 2-ўрин наманганлик Ж.Сирожиддиновга, 1-ўрин эса Тошкент вилоятида яшовчи Ш.Ҳасановга насиб этди.
Ғолибларга пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА
- Қўшилди: 26.05.2025
- Кўришлар: 367
- Чоп этиш