БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда

27 февраль куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси очилди. Сессиянинг Юқори даражадаги сегменти ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг жорий сессиясида дунёнинг қарийб 150 та давлатидан юқори даражали вакиллар қатнашмоқда. Очилиш маросимида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси В.Балек, БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясининг раиси Ч.Кёрёши, БМТ Бош котиби А.Гутерриш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ф.Тюрк иштирок этди ва сўзга чиқди.

В.Балек ушбу сессияга “Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг асосий мажлиси” дея таъриф берди. Шу нуқтаи назардан, у “Кенгашнинг самарали фаолият олиб бориши учун ишчанлик муҳити ва ўзаро ҳамкорлик руҳи”ни қўллаб-қувватлаш жуда муҳимлигини қайд этди.

Ч.Кёрёши бу йил Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллиги нишонланишини таъкидлади. Аммо, шундай қутлуғ санани байрам қилиш масаласи, унинг таассуф билан айтишича, “турли тартибсизликлар, мисли кўрилмаган кўламларда, кетма-кет ва ўзаро боғлиқликда давом этаётган бўҳронлар домида қолган бугунги дунёмиз учун иккинчи даражали юмушга айланди”, яъни зарур аҳамиятини йўқотди.

Чунки коронавирус пандемиясидан сўнг дунё ҳали ҳам ўзини ўнглай олмаяпти: 70 дан зиёд мамлакат қашшоқлик ҳолатида қолмоқда. Инсоният 2030 йилгача эришиши мўлжалланган Барқарор тараққиёт мақсадлари йўлидан чалғиб кетди.

Қуролли низолар кўпайгандан-кўпаймоқда. Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ фожеалар инсон ҳуқуқлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли соғлиги, тураржой билан таъминлаш имконияти ва баъзан ҳатто халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилашига тааллуқли муҳим ҳуқуқларга нисбатан тажовузлар билан бирлашиб, бугунги авлод келажагига таҳдид солмоқда.

А.Гутерриш таъкидлаганидек, иқлим ўзгаришлари, ўта қашшоқлик ва очлик каби офатлар сайёрамиз аҳолисининг қарийб тенг ярми – 3,5 миллиард нафар инсон ҳаётига салбий таъсирини ўтказмоқда. Айни вақтда ер юзида зўравонлик, низолар ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши каби офатлардан қочишга мажбур бўлган инсонлар сони мисли кўрилмаган даражада ошиб, 100 миллион кишига етди.

БМТ маълумотларига қараганда, 2023 йилда бутун дунёда инсонпарварлик ёрдамига муҳтожлар сони 339 миллион нафарга етган. Бу рақам 2022 йилдаги кўрсаткичдан 25 фоизга кўпдир.

 Ф.Тюрк инсон ҳуқуқларига – инсониятнинг умумий тили, дея таъриф берди. Унинг фикрича, кейинги 75 йил давомида инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш борасида бир қатор аҳамиятли натижаларга эришилди. Аммо қашшоқлик, иқлим ўзгариши ва тенгсизлик каби йирик муаммолар асорати туфайли айни вақтда ана шу ютуқлар йўли тўсилиб қолмоқда ва баъзан ортга қайтиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Шу муносабат билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бундан 75 йил илгари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилишга олиб келган ижобий муҳитни қайта тиклашга чақирди. Бинобарин, мазкур Декларация, бир томондан,  турли хил маданиятларнинг азалий донишлигини ўзида мужассам этган бўлса, иккинчи томондан, ўтган давр мобайнида сайёрамизда тинч ҳаётни таъминлаб келмоқда.

Сессиянинг очилиш маросимидан кейин Юқори даражадаги сегмент мажлиси бўлди. Унда Конго, Черногория, Колумбия, президентлари, Чехия ва Яман бош вазирлари, Қозоғистон, Сербия, Таиланд, Вьетнам, Нидерландия бош вазирларининг ўринбосарлари, Хитой, Ирландия, Парагвай, Чили, Грузия, Финландия, Малайзия, Буюк Британия, Германия, Франция, Индонезия, Норвегия ташқи ишлар вазирлари, бошқа бир қатор давлатларнинг инсон ҳуқуқлари, барқарор тараққиёт, атроф-муҳит ҳимояси масалаларига масъул вазирликлари раҳбарлари иштирок этди.

Мажлисда тўғридан-тўғри ёки видеоконференц-алоқа тарзида сўзга чиққанлар халқаро ҳуқуққа ва БМТ Низомига содиқлик, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан кўп томонлама ва фаол ҳамкорлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш истиқболлари ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, тараққиёт, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқларнинг муҳимлиги таъкидланди.

Юқори даражадаги сегмент доирасида инсон ҳуқуқларининг барча соҳаларини қамраган “Юқори даражадаги Йиллик ялпи мунозара” ҳам бўлиб ўтди. Мунозарада 2030 йилгача мўлжалланган БМТ Ёшлар стратегиясини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси, бир томондан, Туркий давлатлар ташкилотига раислик қилувчи мамлакат, иккинчи томондан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг ёшлар мавзусини дадил илгари сураётган фаол аъзолари сифатида Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари номидан баёнот билан чиқди.

Хусусан, ёшлар сиёсатининг самарадорлиги таъкидланди. Айниқса, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотлар барчамиз учун муҳим бўлган тинчлик, хавфсизлик, адолат ва барқарор тараққиётга эришишга хизмат қилади.

Форум иштирокчиларининг эътибори БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 ва 2022 йилларда Ўзбекистон таклифига кўра қабул қилинган ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги резолюцияларига қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йил – “Туркий дунёда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани ҳамда 2023 йили Ўзбекистонда Туркий дунё ёшларининг илм-фан ва инноавациялар халқаро конгресси ўтказилиши эътироф этилди.

Шундай қилиб, Туркий давлатлар ташкилотининг ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантиришга асосланган ёндашувни илгари суриш сиёсатига содиқлиги жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилди. Бу йўлда истиқболда қўйилажак қадамлар туркий тилли мамлакатлар ёшларининг фаол иштирокида аниқлаштирилаётгани диққатга моликдир.

Юқори даражадаги сегмент доирасида Ислом мамлакатлари ташкилотига аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари ва мазкур халқаро ташкилот Бош котиби Х.Таха билан учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Учрашувлар якунида томонлар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессияси доирасида муҳокама қилинаётган долзарб мавзулар юзасидан ягона нуқтаи назарга эга бўлиш муҳимлигини таъкидладилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech