Сенат Кенгаши томонидан навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилди

Бугун, 28 февраль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Мажлисда Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисини 2023 йилнинг  2 март куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қайд этилганидек, видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган мазкур ялпи мажлисда бир қатор қонунлар ва масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Хусусан, “Рақобат тўғрисида”ги, “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги,   “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Молиявий истеъмол кредити бериш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги, “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинади.

Шу билан бирга, сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг 2022 йилдаги фаолияти ва 2023 йилга мўлжалланган устувор вазифалари борасидаги масалани кўриб чиқади ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитади.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш ҳам назарда тутилган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech