БМТ Олий комиссари Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегация 13 март куни Ўзбекистонга келди.

Мартабали меҳмон шу куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлиб, бир неча учрашув ўтказди.

Марказ раҳбарияти билан мулоқот чоғида меҳмонларга Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимиз БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг самарали ва мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлаши, кейинги даврда мазкур тузилма билан ҳамкорлик амалий руҳда изчил ривожланаётгани қайд этилди.

Суҳбат чоғида сўнгги йилларда республикамиз қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш соҳасида эришган натижалари билан халқаро майдонда тез-тез эътироф этилаётганига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, 2023 йил 30 апрелда референдумга қўйиладиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг моҳияти, долзарблиги ҳақида фикр алмашилди.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистон Қийноққа солиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенциянинг Факультатив протоколига қўшилишига оид ташаббусни илгари сурди. Айни вақт мазкур ташаббусни амалга оширишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида БМТ махсус процедуралари билан амалий мулоқотни давом эттириши ҳамда инсон ҳуқуқи соҳасида халқаро майдондаги имижини янада яхшилаши нуқтаи назаридан, ушбу Факультатив протокол ратификация қилиниши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Шу куни Миллий марказ биносида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк раҳбарлигидаги делегация билан мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари раҳбарлари ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда мамлакатимиз Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, адлия вазири Акбар Тошқулов ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирок этди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида демократик янгиланишлар йўлида илдам одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимизни рози қилиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида юртимизда инсон ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини таъминлаш борасида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Табиийки, инсон ҳуқуқи соҳасида самарали давлат сиёсати юритишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тизими муҳим ўрин эгаллайди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан суҳбат асносида ушбу тузилмаларнинг инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилишдаги иштирокига дахлдор масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech