29 март куни Ички ишлар вазирлигининг Бухоро шаҳридаги академик лицейида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумга бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ҳамда Малака ошириш институти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда академик лицейнинг педагоглар жамоаси ва ўқувчилари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабоев ўз сўзида референдум – давлат учун ҳам, ҳар бир фуқаро учун ҳам қабул қилиниши ўта аҳамиятли бўлган қарорлар бўйича овоз беришда кенг жамоатчилик иштирок этишининг самарадор усули эканини қайд этди. Референдумга қўйилган янги Конституция лойиҳасидаги концептуал ўзгаришлар ҳақида тадбир иштирокчиларига атрофлича маълумот берилди.
Ижтимоий давлатга хос ёндашувлар Конституция лойиҳасининг таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларида ўз ифодасини топган. Таълим ва илм-фанга тааллуқли нормалар сони қарийб икки баробарга оширилиб, таълим олиш ҳуқуқи ва имкониятлари тубдан кенгайтирилмоқда.
Фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилмоқда. Маълумки, 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учун эса 5 баравар кўпайди.
Асосий қонун лойиҳасида фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланмоқда. Ногиронлиги бўлган болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутиляпти. Инклюзив таълимнинг Конституцияга киритилаётгани шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, аксинча, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида камол топиши учун муҳим кафолатдир.
Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр- қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтириляпти. Шу тариқа мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчининг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланишини ҳуқуқий кафолатлаш натижасида уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрў-эътибори янада ошади.
Энди фарзандлар тарбияси билан бир қаторда, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-оналарнинг мажбурияти экани Конституцияда мустаҳкамланмоқда. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланмоқда.
Самимий ва фойдали мулоқот тадбир иштирокчиларига манзур бўлди. Лицей педагоглари ва ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.03.2023
- Кўришлар: 4256
- Чоп этиш