Янгиланаётган Конституцияда ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда. Жорий йил 29 март куни Бухоро шаҳрида бошланган “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси очилишида шу ҳақда сўз борди.
Ўқув курси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Унда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ҳамда Малака ошириш институти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Бухоро вилояти прокуратураси ва ички ишлар тизими ходимлари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Яҳёжон Абдулҳақов ўқув курси очилиши муносабати билан видео-мурожаат йўллаб, маърузачи ва тингловчиларни қутлади. Ўқув машғулотлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбир аввалида, шунингдек, яқинда бўлиб ўтадиган референдумда овоз бериладиган Конституция лойиҳасидаги концептуал ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Янгиланаётган Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат деб белгиланаётгани ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида эълон қилинаётгани муносабати билан инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа кўпаймоқда.
Бу ҳақда фикр юритганда, озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги мамлакатимиз тарихида илк бор конституциявий мустаҳкамланаётганига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.
Бундан ташқари, Конституцияда биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.
Ўз навбатида, машғулотларда инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдан иборат эканига эътибор қаратилди. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.
Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.
Бу ҳақда сўз борганда, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1997 йилда 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур халқаро санада дунё миқёсида қийноқларга бутунлай барҳам бериш ҳамда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси янада самарадор ишлашини таъминлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.
Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Худди шу қарор туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.
Аслида, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш борасидаги ташаббус ҳам даставвал айни шу қарорда ўз аксини топганди.
Натижада 2021 йил 17 ноябрдан – 17 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги 1200 нафар ходим учун ўқув курси ўтказилди. Навбатдаги машғулотлар эса прокуратура тизими ходимлари учун ташкил этилди.
Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув машғулотларига янги руҳ бағишлади. Қарорга мувофиқ, эндиликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.
Ўқув курси давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабоев, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Музаффаржон Мамасидиқов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов, Ички ишлар вазирлиги Академияси “Ташкилий-штат фаолияти” кафедраси бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Матчонов, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлар” кафедраси мудири, юридик фанлар номзоди, доцент Меҳмонали Сувонқулов, Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, подполковник Қувонч Қодиров маърузалари тингланди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув курси БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда. Машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширишга мўлжалланган.
Ўқув курси машғулотлари 30 март куни якунланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.03.2023
- Кўришлар: 4029
- Чоп этиш