Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсади

Янгиланаётган Конституцияда ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда.

Жорий йил 29-30 март кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган «Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба» мавзусидаги ўқув курси очилишида шу ҳақда сўз юритилди. Ўқув машғулотлари жорий йил 7 февралдаги Президент қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани таъкидланди.

Тадбир аввалида, яқинда бўлиб ўтадиган референдум, Конституция лойиҳасидаги концептуал ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Янгиланаётган Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланаётгани ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида эълон қилинаётгани муносабати билан инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробарга кўпаймоқда.

Хусусан, озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳақида норма киритилмоқда. Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяпти.

Бундан ташқари, Конституцияда биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли экани мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

Ўқув курсининг илк кунида «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар», «Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти», «Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчилик ривожи» мавзуларида маърузалар тингланди.

Машғулотларнинг иккинчи куни «Вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар», «Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари», «Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари», «Камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланиши» мавзуларидаги маърузалар тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.

Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида эгалланган назарий билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тест синовлари ўтказилди. Шундан сўнг тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 Darakchi.uz

ЎзА

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

UzDaily.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech