Ҳиндистон Конституцияси илк бор ўзбек тилида нашр этилди

Ҳиндистон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардандир. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 1992 йил 18 мартда дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланган. Ўтган даврда ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида изчил ривожланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари ҳақида гапирар экан, учта стратегик устувор йўналишни қайд этди. Биринчи йўналиш – Ҳиндистоннинг илм-фан ютуқлари ва технологияларни кенг жорий этишга асосланган таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги илғор тажрибасини фаол ўрганиш негизида инсон капиталини ривожлантириш; иккинчи йўналиш – ўзаро иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш;  учинчи йўналиш – маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кучайтиришдир.

 14 апрель куни Тошкент давлат юридик университетида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Деҳли Университети ва Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро мулоқотда шу ҳақда сўз борди. Тадбир Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилидаги илк нашри тақдимотига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мамлакатимизда конституциявий ислоҳот жараёнлари давом этаётган ҳозирги вақтда Ҳиндистоннинг бу борадаги тажрибасидан фойдаланиш муҳимлигига эътибор қаратди. Жумладан, Ҳиндистоннинг конституциявий доктринасида Конституция устунлиги; давлатнинг республика бошқарувига асосланган демократик шакли; давлатнинг дунёвий эканлиги; ҳокимиятларнинг тақсимланиши принципи; шахснинг эркинлиги ва қадр-қиммати; миллатнинг бирлиги ва яхлитлиги; ижтимоий ва иқтисодий адолат концепцияси; эркин ва адолатли сайлов асослари белгилаб берилган. Бу муҳим ҳуқуқий тамойиллар янгиланаётган Ўзбекистон Конституцияси учун ҳам асосий қадриятлар ҳисобланади.

Ўз даврида Ҳиндистон Конституциясини ишлаб чиқишда дунёнинг бир қатор Конституциялари қиёсий ўрганилган ва улардан ижобий фойдаланилган. Бунда ҳуқуқий институтларнинг моҳиятига эҳтиёткорлик билан ёндашилгани ва уларнинг тизими синчковлик билан ишлаб чиқилгани, ўз навбатида, Ҳиндистон Конституциясининг кўплаб хорижий давлатлар Конституциялари учун намуна вазифасини ўташида муҳим омил бўлди.

Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилига илк таржимаси лойиҳа раҳбари, юридик фанлар доктори, профессор Омонулла Муҳаммаджонов, таржима ишларини бевосита ташкил қилган ва амалга оширган таржимонлар гуруҳи раҳбари Нодир Рамазонов, таржимонлар – Одилбек Ирисқулов, Маҳбуба Расулова, Нозима Нормуродованинг саъй-ҳаракатлари ва икки йиллик тинимсиз меҳнати эвазига амалга оширилди.

Таржима ва техник таҳрир жараёнларида кўнгиллилар сифатида иштирок этган Тошкент давлат юридик университети талабалари – Абдураҳим Раҳмонкулов, Собир Тангиров, Гулҳаё Пардабаева, Мафтуна Олтиева, Холисхон Умарова, Хосиятхон Низомова, Ўткирбек Ривожиддинов, Камола Полвонова, Маҳбуба Сайфуллаева, Отахон Анвархонов ушбу эзгу ишга яқиндан кўмак бердилар.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси лойиҳани молиявий ва илмий томондан қўллаб-қувватлади. Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат жанобларининг бу борада кўрсатган ёрдами, айниқса, катта бўлди.

Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилидаги нашри аввало ёш авлод – бўлажак ҳуқуқшунослар учун мўлжалланган. Бошқа давлатлар конституциявий ҳуқуқи қаторида Ҳиндистон конституциявий ҳуқуқини ўрганиш ва Ўзбекистон тажрибаси билан қиёслаш ёш ҳуқуқшунослар учун ҳуқуқий тафаккурнинг янги уфқларини очиши шубҳасиз.

Тақдимотда, шунингдек, Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилидаги илк нашри икки мамлакат олимлари ўртасидаги кенг кўламли илмий изланишлар учун янги лойиҳаларга йўл очиши алоҳида таъкидланди.

Маълумот учун: Ҳиндистон Конституциясини тайёрлаш ишлари Таъсис мажлиси томонидан 1946 йил 9 декабрда бошланган бўлиб, дастлаб Конституция матнининг асоси сифатида бўлажак Конституциянинг бош тамойилларини ўз ичига олган Мақсадлар тўғрисидаги резолюция лойиҳаси тайёрланган. Лойиҳани ишлаб чиқишда Ҳиндистон Конституциясининг асосий меъмори, таҳририят қўмитаси раҳбари доктор Бҳимрао Рамжи Амбедкарнинг ўрни беқиёсдир.

Конституция матни 1949 йил 26 ноябрда эълон қилинган. Шунинг учун Ҳиндистон ҳукумати фуқаролар ўртасида конституциявий қадриятларни тарғиб қилиш мақсадида 2015 йилдан эътиборан ҳар йили 26 ноябрни – Конституция куни деб нишонлашга қарор қилган. Шунингдек, ушбу кун Ҳиндистонда Миллий байрам деб эълон қилинган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

ЎзА  

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech