Термиз шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида "Янги таҳрирдаги конституция ва фуқаролик жамияти" мавзуига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Сурхондарё вилоятидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, оммавий-ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда халқимиз хоҳиш-иродаси билан Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга, Янги Ўзбекистонни янги босқичда юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритилди.

Қайд этилдики, мамлакатимизда сўнгги йилларда фуқаролик жамияти институтлари роли ва аҳамиятини тубдан оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 200 дан ортиқ акт, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда кейинги беш йилда фуқаролик жамияти институтлари 22 фоизга ошиб, 200 га яқин йирик нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият бошлади. Айни пайтда улар жамиятимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик ҳисси билан инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакллантириш ҳамда юртимизни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари ижросида фаол иштирок этмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янада ривожлантириб, кучли жамоатчилик назорати ўрнатишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлари доктори, профессор Муроджон Турғунов, бўлим бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор Миродил Баратов, бош илмий ходим, юридик фанлари доктори, профессор Ниғмонжон Азизов ва бошқаларнинг "Янги таҳрирдаги Конституция ва фуқаролик жамияти", "Ўзбекистон Республикаси Конституциясига оид референдум: моҳият ва тартиб-таомиллар" сингари мавзулардаги маърузалари билан иштирок этди.
–Янгиланаётган Конституциямизда илк марта фуқаролик жамияти институтларига таъриф берилиб, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади, деган норма киритилмоқда, – деди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Сурхондарё вилояти бўлинмаси бошлиғи Гулнора Ходжаниязова. – Шунингдек, янги таҳрирдаги асосий қонунимизга киритилаётган ўнга яқин ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларининг янада самарали фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилади. Масалан, янгиланаётган Бош Қомусимизнинг 15-моддасида давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритадилар ёки 56-моддасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади.
Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади, деган норма белгиланаётир.
ХIII-бобнинг номи “Жамоат бирлашмалари”дан “Фуқаролик жамияти институтлари” га ўзгартирилмоқда. Бу Конституциянинг мазкур бобидаги субъектлар доираси кенгайтирилаётганини англатади. Конституция давлат ОАВлар фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлашини назарда тутувчи янги норма (81-модда) билан тўлдирилмоқда.
Давра суҳбатида фуқаролик жамияти институтларига оид конституциявий тузатишлар мамлакатда сўз эркинлиги, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ОАВ вакилларининг улар кўрсатаётган ахборот хизматлари учун масъулиятини оширишга хизмат қилиши, барча соҳаларда кучли жамоатчилик назорати ўрнатиб, жамият ва давлат ўртасидаги мулоқотни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши, унинг қабул қилиниши “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириб, давлат ва фуқаролик жамиятини изчил ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратиши хусусида атрофлича фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
- Қўшилди: 18.04.2023
- Кўришлар: 3891
- Чоп этиш