ШҲТ Котибиятида Ўзбекистонда ўтказилажак Президент сайловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди

ПЕКИН, 18 июнь. /«Дунё» АА/. Пекиндаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Котибиятида ШҲТ “катта оиласи” дипломатия ваколатхоналари вакиллари учун Ўзбекистон конституциявий ислоҳотлари ҳамда жорий йил 9 июль куни мамлакатимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси маълумотига кўра, унда Олий Maжлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов асосий маъруза билан қатнашди.

Брифингда ШҲТга аъзо бўлган ва кузатувчи давлатлар ҳамда мулоқот бўйича шерик мамлакатлар вакиллари иштирок этдилар.

ШҲТ Бош котиби ўринбосари Нуран Ниязалиев тадбирни очар экан, сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларида жадал ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётида муҳим, эътиборга молик босқич бўлиб қоладиган даврни бошдан кечираётир.

Масалан, жорий йилнинг апрель ойида Конституцияни янгилаш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилди. Ушбу тадбирда иштирок этган ШҲТ Котибияти вакиллари мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришларга бевосита гувоҳ бўлдилар.

Шу билан бирга, Нуран Ниязалиев 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайлови ҳам юксак даражада ўтишига ишонч билдирди. Котибият раҳбарияти ушбу сиёсий тадбирда халқаро кузатувчилар сифатида анъанавий равишда фаол иштирок этишни режалаштирмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз маърузаси билан мамлакатимизда ўтказилган конституциявий ислоҳотларнинг асосий натижалари ва уларнинг Янги Ўзбекистон барпо этилишидаги ўрни  билан тадбир иштирокчиларини яқиндан таништирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш жараёнига алоҳида эътибор қаратилар экан, ушбу сайлов кампаниясининг мазмун-моҳиятига, унинг мамлакатимизни янада ривожлантириш, замонавий, рақобатбардош давлатга айлантиришдаги аҳамиятига урғу берилди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech