ШАРҚ-У ҒАРБ: НАВОИЙ ВА ГЁТЕ

21-июн куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Жаҳон адабиёти ва қиёсий адабиётшунослик кафедраси томонидан “Шарқ-у Ғарб: Навоий ва Гёте” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ташкил этилди. Конференцияни университет ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов очиб берди. 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов сўзга чиқиб, конференция қатнашчиларини ушбу муҳим илмий анжумандаги иштирок билан қутлади.  Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон ҳам сўнгги йилларда юртимизда адабиётшунослик соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли тадқиқотларнинг чегараси кенгайиб, янги, замонавий таҳлил усуллари жадал кириб келаётгани, қиёсий адабиётшунослик соҳасининг ривожи бевосита миллий адабиётимизнинг равнақига ва тараққиётига хизмат қилишини қайд этди.


Анжуман ялпи мажлисида, шунингдек, “Германия-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси Колин Дюркоп, Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти Озарбайжон-Турманистон-Ўзбекистон адабий алоқалар бўлими мудири Алмаз Улви Биннатова, Кожаели университети (Туркия) профессори Муневвер Текжан, Л.Н.Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети (Қозоғистон) профессори Рақимжан Турисбек, ЎзР Фанлар академияси, Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти олими, филология фанлари доктори Сувон Мели сингари мамлакатимиз ва жаҳоннинг энг номдор олимлари, адабиётшунос, тилшунос ва туркологлар сўзга чиқиб, Навоий ва Гёте ижодининг муштарак жиҳатлари, Шарқ ва Ғарб адабий алоқаларининг тарихи, бугуни, келажаги ҳақида қимматли фикрларни баён этдилар.


Анжуман:  Навоий ва Гёте: эстетика, поетика, типология; Шарқ ва Ғарб ма'рифатчилигининг умумназарий муаммолари, Шарқ ва Ғарб замонавий адабиёти масалалари сингари шўбаларда иш олиб борди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech