Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш – муҳим масала

Инсон ҳуқуқлари инсоннинг туғилишидан то вафот этгунига қадар бутун умри давомида унга ҳамроҳлик қиладиган ҳуқуқ ва эркинликлардир. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва унга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, ўтган олти ойда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 62 та банди бўйича чора-тадбирлар бажарилди. Мутахассиснинг таъкидлашича, мазкур натижа Миллий стратегия ижросининг 79 фоизга бажарилганини билдиради.

Қайд этилишича, 2023 йил биринчи ярмида Миллий стратегия доирасида 7 та қонун, 8 та Президент фармон ва қарори, 3 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди, 1 та халқаро шартнома ратификация қилинди. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг (жами 43 та банд) 8 та банди бўйича ишлар якунланди. Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидалари ижроси юзасидан 2022-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг (жами 69 та банд) 14 та банди бажарилди.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини бажариш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракат режасида белгиланган вазифалар тўлиқ амалга оширилди.

Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунларига оид тавсиялари асосида “Йўл харитаси” тайёрланди. Ҳужжат парламент палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тасдиқланди. Миллий марказга жорий йил биринчи ярмида почта орқали 682 та, шахсий қабул жараёнида 168 та, телефон орқали 1 минг 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Улар қонун талаблари асосида кўриб чиқилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашилди.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech