«Янги Ўзбекистон давлати» китоби ҳамда «Янги Ўзбекистон» плакатлар тўплами тақдимотлари бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган давлат арбоби, академик Оқил Салимовнинг “Янги Ўзбекистон давлати” номли китоби ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Янги Ўзбекистон” плакатлар тўплами тақдимотлари бўлиб ўтди.

Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, педагоглар ва истеъдодли ёшлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси раиси ўринбосари, юридик фанлари доктори, академик А.Саидов, “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик О.Салимов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор М.Ҳожиматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид, Ўзбекистон  Миллий медиа ассотсиатсияси  Бошқаруви раиси,  Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш. Қудратхўжайев ва бошқалар  янгиланиш жараёнлари  ватандошларимиз ҳаётида ҳам акс этаётганини таъкидлади.

Тақдимотдан кўзланган мақсад мамлакатимиз аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, халқ ва давлат ўртасидаги ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг бугунги нафаси, янгиланиш жараёнлари мазмун-моҳиятини холис ва таъсирчан тарзда етказиш, ёшларнинг янада фаол ва ташаббускор бўлишига хизмат қилишдан иборат. 

– Ҳар бир халқ ёки миллатнинг орзу-умидлари, келажак ҳақида режалари, хайрли ниятлари, тинч-тотув яшаш, фаровон ҳаёт кечириш, барқарор тараққиёт билан боғлиқ орзулари бўлади, - деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.Ҳожиматов. – Янги Ўзбекистон тушунчаси мамлакатимизнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, юртимизда демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ислоҳотларнинг таянч ғоясини ифода этади. 

“Янги Ўзбекистон орзуси” асрлар давомида халқимизни эзгу амаллар сари руҳлантириб, унинг иймон-эътиқодини ғайриинсоний ғоялардан, миллатни турли таҳдидлардан муҳофаза қилиб, ўзига хос маънавий қалқонга айланди. Шу тариқа, узоқ ўтмишдан ҳозирги даврга қадар миллий тафаккуримиз негизида шаклланиб келган, турли ғоя ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топган эл-юртимизнинг орзу-умидлари бугунги кунда Янги Ўзбекистон тушунчасида мужассам бўлмоқда. О.Салимовнинг янги китоби Ватанимиз мустақиллигининг 32-йиллигига муносиб туҳфа бўлди. Китобда муаллифнинг “Янги Ўзбекистон давлатининг феноменал асослари” ҳақидаги мулоҳазалари батафсил очиб берилган. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech