Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академиялари ходимлари ва курсантлари учун БМТнинг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ва терроризмга қарши курашиш бўйича электрон ўқув курси яратилди.
Ички ишлар вазирлиги академиясида мазкур ўқув курсига бағишланган миллий брифинг бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва митақалараро тадқиқотлар институти, ДХХ, ИИВ академияси, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича маркази томонидан ташкил этилган тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академиялари профессор-ўқитувчилари ва курсантлари, БМТ экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан терроризмга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар миллий қонунчилик доирасида амалга оширилаётгани, бу давлатнинг халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларига ҳам мос келиши алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда, албатта, инсон ҳуқуқлари таъминланишига қатъий риоя қилинмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистонда терроризмга қарши курашишнинг фундаментал асоси – бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, қонун устуворлигини ҳимоя қилиш бир-бирини инкор этувчи эмас, балки тўлдирувчи ва мустаҳкамловчи мақсадлардир.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва бўлажак офицерларни терроризмга қарши чора-тадбирлар доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий қоидаларини ўз ичига олган электрон ўқув курси билан таништиришдан иборат.
БМТ экспертларининг таъкидлашича, ушбу ўқув курси БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, БМТнинг Таълим ва тадқиқотлар институти (UNITAR) ва БМТнинг Лойиҳа хизматлари бўйича бюроси (UNOPS), БМТнинг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, YNISEF билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Қайд этиб ўтилганидек, ушбу электрон ўқув курси Марказий Осиёнинг ўзига хос шароитларига мослаштирилган бўлиб, терроризмга қарши курашиш контекстида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳимоя қилиш ҳамда уларга риоя этиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва илғор тажрибаларни ўзида акс эттиради.
Ўқув дастури БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясининг тўртинчи йўналиши доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, унда Терроризмга қарши кураш қўмитаси ижроия бошқармасининг маърузалари ва тавсиялари, шунингдек, БМТнинг терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича Махсус маърузачисининг материаллари ҳисобга олинган.
Ушбу электрон курс Марказий Осиёда хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш масалалари билан шуғулланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, терроризмга қарши кураш, разведка хизматлари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар вакиллари ва экспертлари учун мўлжалланган.
Тадбирда сўзга чиққанлар инсон ҳуқуқлари ва терроризмга қарши курашиш бўйича электрон ўқув курси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар салоҳиятини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшишини таъкидладилар.
Шу билан бирга, электрон курснинг жорий этилиши бўлажак офицерларга терроризмга қарши кураш контекстида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро норма ва стандартлар билан яқиндан танишиш имконини беради.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 28.09.2023
- Кўришлар: 3357
- Чоп этиш