Пойтахтимизда “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги” мавзуида нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ташкил этилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассациацияси (ЎзННТМА) ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа манфаатдор давлат органлари ва ННТлар ҳамкорлигида ташкил этилган форумда миллий ва хорижий экспертлар, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудлардаги ЎзННТМА бўлинмалари ходимлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш керак, 2022 йилда илк маротаба инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган ҳужжатлар ва уларнинг ижроси, энг асосийси, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари учун соҳа доирасида фикр алмашадиган конструктив мулоқот майдонини яратиш мақсадида айни мавзуда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ўтказилди. Унда кўтарилган мавзулар долзарблиги, мамлакат ривожи йўлида муҳим аҳамият касб этиши, ушбу форумни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш учун ўзига хос замин яратди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси ижросини таъминлаш ҳамда ННТларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш, улар бўйича мамлакатимиз фуқароларига хизмат қиладиган таклиф ва қарорлар қабул қилиш учун соҳа вакиллари яна жам бўлди.
Форумда таъкидланишича, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. Шунингдек, 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди. Унинг мантиқий давоми сифатида давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган истиқболли хотин-қизларнинг ягона электрон базаси яратилиб, унда 25 мингдан зиёд раҳбарликка номзод хотин-қизларнинг захира рўйхати шакллантирилди. Қолаверса, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш Миллий дастури тасдиқланди. Энг асосий ютуқ – мамлакатда болалар меҳнатига батамом барҳам берилди.
Натижада, 2021-2022 йилларда қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари каби рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича муайян ютуқларга эришилди. Жами 24 та рейтингнинг 15 тасида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди, 3 та рейтингда давлатимиз илк маротаба эътироф этилди.
Қайд этилишича, жорий йилда “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг, айниқса, инсон ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш борасида мамлакатда олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди.
Мажлисда сўз олганлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари ҳамда ННТларнинг ўзаро ҳамкорлигида эришилган натижалар ва ривожланиш истиқболлари ҳамда ННТларнинг соҳага оид ташаббуслари ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларида маърузалар қилиб, ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашди.
Форумда кўтарилган масалалар муҳокамаси икки шўъбада давом этди. Унда ўнга яқин давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларининг соҳага оид нутқлари тингланди.
Хулоса ва таклифлар жамланиб, Миллий форумнинг якуний натижаси бўйича ҳужжат қабул қилинди.
Камола Юсупова, Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 26.10.2023
- Кўришлар: 3582
- Чоп этиш