Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса ногиронлиги бўлган шахсларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиш муҳим масалалардан саналади.
2020 йил 15 октябрда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб берилди. Имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга оид қатор масалалар қонун даражасида белгиланди. 2021 йилда эса Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди.
Мазкур Конвенция ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб этиш” мавзусида ўтказилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Омбудсман ногиронлиги бўлган шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратаётгани қайд этилди. Омбудсманга 2022 йилда ногиронлиги бўлган шахслардан 96 мурожаат келиб тушган, улардан 76 таси назоратга олинган. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал қилиниб, мурожаатчилар ҳуқуқлари тикланган.
Омбудсман аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга берилган турар-жой биноларидаги, шунингдек, “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларидаги шароитларни ҳам ўрганиб, тегишли ташкилотларга ўз хулосаларини киритиб бормоқда.
Жорий йилдаги ўрганишларда интернат уйида яшаб келаётган бир гуруҳ ногиронлиги бор инсонлар 20-30 йиллар аввал тиббий варақа орқали Мурувват уйига қабул қилингани ва ҳозирга қадар уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқ экани аниқланган. Мазкур масала республика миқёсида ўрганилиб, Омбудсман томонидан ногиронлиги бўлган шахслар манфаатида фуқароликни белгилашни сўраб фуқаролик ишлари бўйича судларга ариза киритилган ва уларнинг 50 нафардан ортиғига ID-карта расмийлаштирилган.
Қолаверса, 2022 йилда Омбудсман томонидан Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда қийноқларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан натижадорликка эришиш, шунингдек, ногиронлиги туфайли эркин ҳаракатлана олмайдиган маҳкумларга (маҳбусларга) яратилган шарт-шароитларни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
Ҳозирда мазкур ҳужжат ижроси натижасида кўплаб пенитенциар муассасаларнинг кириш жойларига тегишли стандартга мувофиқ пандуслар ўрнатилган. Кутубхоналар Брайль алифбосидаги китоблар билан бойитилган, ювиниш хоналарида ҳам махсус шароитлар яратилди.
Омбудсман Феруза Эшматова “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили акс эттирилгани, унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш ҳолатлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланишига алоҳида урғу берди. Шунингдек, бу жараёнда Омбудсман ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамкорлигини кучайтириш лозимлигини таъкидлади.
Омбудсман тизими ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этган тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 09.11.2023
- Кўришлар: 3361
- Чоп этиш