Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилишининг мониторинги

16-17 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг транспорт воситаларидан фойдалана олиш имконияти” бўйича мониторинг ўтказилди. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилишининг мониторинги доирасида амалга оширилди.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилишини мониторинг қилиш тизимли ва узлуксиз жараён бўлиб, унинг мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг ушбу Конвенцияда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатларига риоя этилишини баҳолаш ва таъминлашдан иборат. Хусусан, мазкур мониторингда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармони талабларига таянилди.

Мониторинг ўтказиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон Нодавлат нотижроат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд шаҳридаги халқаро аэропорт, темир йўл вокзали ҳамда автобусларда ва автобус бекатларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликларни кўздан кечирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими Ҳ.Холмаматовнинг қайд этишича, ҳозирда мониторинг якунлари бўйича ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликлар умумлаштирилмоқда. Шу асосда тегишли амалий таклифлар ишлаб чиқилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech