ПЕКИН, 8 декабрь. /"Дунё" АА/. "Хитой" журнали саҳифаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг "Ўзбекистон Конституцияси ва Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)" сарлавҳали мақоласиэълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Нашрда мамлакатимизда Олий Мажлис ташаббуси билан Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги ўтказилаётгани, унинг доирасида 20 дан ортиқ тадбир – халқаро конференциялар, давра суҳбатлари, жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилгани алоҳида таъкидланган.
Хабар қилинишича, Тошкентда "БРМга эришишда фуқаролик жамияти институтлари ва имконияти чекланган шахслар иштирокини кенгайтириш" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сенаторлари ва депутатлари, фуқаролик жамияти институтларининг 250 дан ортиқ вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди.
Муаллиф 2030 йилгача Ўзбекистонни Барқарор ривожлантириш бўйича ўн олтита Миллий мақсадни амалга оширишда фуқаролик институтларининг иштирокини кенгайтириш масалаларини кўриб чиқиш, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг "Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролар ва фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш тўғрисида"ги резолюцияси лойиҳасини муҳокама қилишга асосий эътибор қаратилганини таъкидлайди.
Нашрда форумда Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда БРМнинг асосий қоидалари ўз ифодасини топгани ва уларга эришиш учун конституциявий-ҳуқуқий асос яратилгани алоҳида таъкидланади.
"Форумда иштирокчилар Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳриридаги БРМ тўлиқ ҳаётга татбиқ этилаётганини аниқ мисоллар орқали кўрсатдилар, - дейди муаллиф. - Хусусан, Конституцияда инсон ва табиатнинг уйғун иттифоқини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги нормалар мустаҳкамланган".
"Хитой" журнали 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, у рус тилида нашр этилади. Журналнинг ойлик тиражи 150 минг нусхадан иборат.
- Қўшилди: 11.12.2023
- Кўришлар: 3224
- Чоп этиш