Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича талабаларнинг билими оширилди (+видео)

Тошкент амалий фанлар университетида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кунга бағишланган маънавий-ҳуқуқий тадбир ўтказилди.

Университетнинг “Молия ва бухгалтерия ҳисоби” кафедраси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда профессор-ўқитувчилар, олимлар ва талабалар иштирок этди. 

Унда сўзга чиққан навоийшунос олим Султонмурод Олимов, тележурналист Муҳаббат Ҳамроева ва бошқалар 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни бутун дунёда, хусусан, мамлакатимизда ҳам кенг нишонланиши ва кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосан инсон қадр-қиммати ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганини алоҳида қайд этди. 

Янгиланган Бош қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари бир қатор илғор нормалар билан кучайтирилди. Инсон ҳақ-ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш нафақат бугунги кун, балки келгусидаги кўплаб муаммоларнинг оқилона ва одилона ечими сифатида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади. 

Тадбирда таъкидланганидек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюция билан 1948 йил 10 декабрда қабул ва эълон қилинган. Унда инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги ифода этилган. 

Университетнинг “Молия ва бухгалтерия ҳисоби” кафедраси мудири Шуҳрат Ғаффоровнинг сўзларига кўра, бу каби тадбирлар талабалар ҳаётида муҳим ҳисобланиб, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги янгиликлар ҳамда инсон ҳуқуқларига доир билим ва кўникмага эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади. 

–Маълумки, 1950 йилдан ҳар йили 10 декабрь бутун дунёда “Халқаро инсон ҳуқуқлари куни” сифатида нишонланади. Сабаби, 1948 йил айни шу санада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. Мазкур декларация бугунги кунда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва кафолатловчи дунёдаги энг асосий ва универсал ҳужжат ҳисобланади. Декларация дунёнинг 500 дан ортиқ тилига таржима қилинган. Айтиш жоизки, Халқаро инсон ҳуқуқлари куни мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади. Шундан келиб чиқиб, олий ўқув даргоҳимизда ушбу сана муносабати билан учрашув ташкил қилдик. Унда янгиланган Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари, гендер тенглик, таълим каби бир қатор мавзуларда фикрлар билдирилди. Бу эса талабаларнинг билимини бойитиш ва ҳаётда ўз йўлини топишида муҳим роль ўйнайди, – деди Ш.Ғаффоров. 

Тадбирда тележурналист Муҳаббат Ҳамроева мамлакатимизда гендер тенглик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Унда таъкидланганидек, гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, жамият ҳаётида хотин-қизларимизга берилаётган эътибор уларнинг фаол иштирокини таъминламоқда. Муҳими, бугунги кунда барча соҳаларда хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларининг тенглиги таъминламоқда. 

–Бугунги тадбир талабалар учун жуда қизиқарли бўлди, – деди университет катта ўқитувчиси Насиба Абдураззоқова. – Негаки, айнан талабаларнинг сиёсий билимини оширишда бу каби учрашувлар фойдали ва унда таниқли олимларнинг иштироки ҳам улар ҳаётида унутилмас таассурот қолдиради. Айтиш жоизки, Тошкент амалий фанлар университети уч йилдан буён фаолият кўрсатади. Бу ерда талабалар кундузги, сиртқи ва кечки таълим асосида ўқитилади. Бугунги кунда иқтисодиёт, педагогика, АКТ каби йўналишларда жами 30 мингга яқин талаба таҳсил олади. Бизнинг Иқтисодиёт факультетимизда талабалар “Банк иши ва аудит”, “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит”, “Молия ва молиявий технологиялари” йўналишлари бўйича ўқитилади. 

Тадбир якунида мутахассислар талабаларнинг саволларига жавоб берди. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech